23 нафар ўқувчи – муддатидан олдин талаба
Навоий шаҳридаги 11-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактабнинг бир гуруҳ ўқувчилари ҳали ўқув йили тугамасданоқ муддатидан олдин талаба бўлишга муваффақ бўлди.
Маълум бўлишича, мазкур мактабнинг 21 нафар 11-синф ўқувчиси 189 балл тўплаб, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Эътиборлиси, икки нафар 10-синф ўқувчиси ҳам юқори натижа кўрсатиб, талабалик мақомини қўлга киритди. Шу тариқа, жами 23 нафар ўқувчи муддатидан олдин талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди.
Албатта, бу мактабда йўлга қўйилган тизимли таълим, қатъий интизом ва устоз-шогирд анъанасининг амалий самарасидир. Йиллар давомида изчил меҳнат қилиниб, ўқувчиларнинг билим даражасини ошириш, уларни мустақил фикрлаш ва юқори мақсадлар сари интилишга йўналтириш борасида олиб борилган ишлар бугун ўз мевасини бермоқда.
Мазкур таълим муассасаси аввалги йилларда ҳам фан олимпиадалари, турли танлов ва имтиҳонларда юқори натижаларни қайд этиб келган эди. Бугунги кўрсаткичлар эса ана шу муваффақиятларнинг мантиқий давомидир.
23 нафар ўқувчининг муддатидан олдин талаба бўлиши нафақат бир мактаб, балки бутун вилоят таълим тизими учун катта ютуқдир.
А. Бўриев, ЎзА