2027/2028 ўқув йилидан бошлаб Тошкент архитектура-қурилиш университети таркибида Замонавий урбанистика ва агломерацияларни бошқариш факультети ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Урбанизация ва уй-жой қурилиши соҳасида ислоҳотларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб Тошкент архитектура-қурилиш университети таркибида Замонавий урбанистика ва агломерацияларни бошқариш факультети ташкил этилади.
Факультет урбанизация, шаҳарсозлик, агломерацияларни комплекс бошқариш, шаҳар иқтисодиёти, ердан самарали фойдаланиш, уй-жой бозорини ривожлантириш, шаҳар инфратузилмасини режалаштириш ҳамда ҳудудларни барқарор ривожлантириш соҳаларида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга ихтисослаштирилади.
Шунингдек, Тошкент геодезия ва картография техникуми Тошкент урбанистика, геодезия ва кадастр техникуми этиб қайта ташкил этилади.
Мазкур қарор билан Урбанистика, архитектура ва лойиҳалаштириш креатив парки ташкил этилади.
Креатив парк Тошкент шаҳридаги урбанистика, архитектура ва лойиҳалаштириш соҳалари субъектларини креатив ёндашув асосида бирлаштирувчи, республика ҳудудида экстерриториаллик принциплари асосида фаолият кўрсатадиган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган алоҳида институционал майдон ҳисобланади.
Креатив парк резидентларига амалдаги қонунчиликка мувофиқ солиқлар ҳамда бошқа тўловлар ва тарифлар бўйича имтиёз ва преференциялар қўлланилади.
Креатив парк фаолиятини ташкилий таъминлаш ва уни бошқарувчи дирекция функцияларини бажариш Урбанизация маркази томонидан амалга оширилади.
Қарорда 2027 йил якунига қадар Тошкент шаҳри тажрибаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида ҳам креатив парклар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш белгиланган.
Креатив парк резидентларининг лабораториялари, конструкторлик устахоналари ва маълумотлар базасини юритишга масъул бўлинмаларини жойлаштириш учун Тошкент шаҳри, Мирзо Улугбек тумани, Равнақ кўчаси, 1а-уй манзилида жойлашган маъмурий (ишлаб чиқариш) бино Миллий қўмитага оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул ўтказилади.
2027 йил 1 январга қадар Креатив парк фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, Креатив парк резиденти мақомини бериш жараёнларини рақамлаштириш бўйича веб-портал ишга туширилади.
ЎзА