2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар умумий овқатланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳаси тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар асосий фаолият тури умумий овқатланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳаси бўлган тадбиркорлик субъектларига (бундан давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар ҳамда йирик солиқ тўловчилар мустасно) ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқи берилади.
Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибида:
а) қўшилган қиймат солиғи ставкаси товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича барча айланмаларга нисбатан 6 фоиз этиб белгиланади;
б) фойда солиғи ставкаси 0 фоиз этиб белгиланади ва солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади;
в) сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилмайди;
г) солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибида назарда тутилган:
қўшилган қиймат солиғи бўйича мавжуд имтиёзлар, преференциялар ва тўланган солиқнинг бир қисмини қайтариб бериш тартиби қўлланмайди;
қўшилган қиймат солиғининг мавжуд салбий фарқ суммаси ҳисобдан чиқарилади;
д) мазкур тартибдаги тадбиркорлик субъектларидан товарлар ва хизматларни сотиб олган харидорларга қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш ёки уни қўллашдан воз кечиш хабарнома юборилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан амалга оширилади;
б) қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибидан умумбелгиланган тартибга ўтилганда, солиқ тўловчи бундай ўтиш санасида ўз балансида мавжуд бўлган товар-моддий захиралар ва узоқ муддатли активлар қолдиқларининг баланс қийматида ҳисобга олинган қўшилган қиймат солиғи суммаларини белгиланган тартибда ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бир ой муддатда электрон ҳисобварақ-фактуралар ва харид чекларида қўшилган қиймат солиғини 6 фоизлик ставка бўйича ҳисоблаш ҳамда унинг алоҳида ҳисобини юритиш тизими жорий этилади.
Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномаси фақат ушбу солиқ тўловчилар ҳисобини юритиш мақсадида берилади ва таъсир чораларини белгилашга асос бўлиб ҳисобланмайди.
Қуйидагилар бекор қилинади:
қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини вақтинча тўхтатиб туриш тартиби;
Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб киришни (импортни) амалга оширувчи юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни мажбурий тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси деб эътироф этиш.
ЎзА