18-BRICS саммити: Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди
Ҳиндистон пойтахти Янги Деҳли шаҳрида 18-BRICS саммити бўлиб ўтмоқда. Ҳиндистон раислигида ўтказилаётган юқори даражадаги мулоқотда тузилмага аъзо давлатлар раҳбарлари, ҳамкор мамлакатлар вакиллари иштирок этди.
Саммит «Барқарорлик, инновациялар, ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш учун бунёдкорлик» мавзусига бағишланди. Мулоқотда глобал бошқарув тизимини такомиллаштириш, кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инновациялар ва рақамли технологияларни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Саммитнинг биринчи куни BRICS’га аъзо давлатлар раҳбарларининг “Инклюзив глобал бошқарув ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзусидаги учрашуви билан бошланди. Мулоқотда замонавий халқаро муносабатлар тизимида юзага келаётган янги воқеликлар, БМТ ва бошқа халқаро институтларни ислоҳ қилиш, ривожланаётган мамлакатларнинг глобал қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди саммитда сўзлаган нутқида BRICS олдидаги навбатдаги 20 йил учун янги ва янада улкан кун тартибини шакллантириш зарурлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, тузилма давлатлари ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва муштарак ёндашувлар аниқ амалий натижаларга айланиши лозим. Моди “Глобал Жануб” мамлакатлари халқаро бошқарув тизимида нафақат қоидаларга амал қилувчи, балки уларни шакллантиришда фаол иштирок этувчи томонга айланиши кераклигини билдирди.
Шунингдек, у кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, глобал институтларни ислоҳ қилиш ва BRICS доирасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Мулоқотда “Глобал Жануб” мамлакатларининг манфаатларини янада кенгроқ ифода этиш, халқаро ҳамкорликни тенглик ва ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Томонлар халқаро муаммоларни сиёсий-дипломатик воситалар орқали ҳал этиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш тарафдори эканини билдирди.

Шундан сўнг давлат раҳбарлари “Bharat Innovates” инновациялар кўргазмаси билан танишди. Унда Ҳиндистоннинг илғор технологиялари, стартаплари ва чуқур технологик ишланмалари намойиш этилди. Кўргазмада 37 та инновацион лойиҳа иштирок этди.

Саммитнинг эътиборга молик тадбирларидан яна бири давлат раҳбарларининг биргаликда кўчат экиш маросими бўлди. BRICS мамлакатлари раҳбарлари “Bharat Mandapam” мажмуаси ҳудудидаги яшил майдонда баньян дарахти кўчатларини экишда иштирок этди. Жами 10 та баньян кўчати ўтқазилди.

Мазкур ташаббус Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг “Ek Ped Maa Ke Naam” — “Она номига бир дарахт” экологик кампанияси билан уйғун ҳолда ташкил этилди. Дарахт экиш тадбири BRICS саммитининг барқарор тараққиёт ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган устувор йўналишларини ҳам рамзий ифода этади.
Саммит доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ҳам ўтказилди. Унда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг иқтисодий алоқалар бўйича котиби Судҳакар Далела BRICS кун тартибидаги асосий масалалар, жумладан, глобал бошқарувни ислоҳ қилиш, кўп томонлама ҳамкорликни кучайтириш ва аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалалари юзасидан маълумот берди.
Саммит тадбирлари бугун ҳам давом этади.
Эслатиб ўтамиз, BRICS дунёнинг йирик ривожланаётган бозорлари ва мамлакатларини бирлаштирувчи халқаро ҳамкорлик платформаси. Айни пайтда ташкилот таркибига Бразилия, Хитой, Миср, Эфиопия, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Россия, Саудия Арабистони, Жанубий Африка Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари киради.
Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА