17 минг нафар ўқитувчи 1000 АҚШ долларидан зиёд ойлик маош олади
Жамиятда ўқитувчи меҳнати қанча қадрланса, таълим сифати ҳам шунча юксалади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сўнгги йилларда педагогларнинг даромадини ошириш, касбий маҳорати ва натижаларини рағбатлантиришга қаратилган янги механизмлар жорий этилмоқда.
Мамлакатимиз тарихида илк бор ўқитувчиларнинг иш ҳақини ошириш икки босқичда ва табақалаштирилган тартибда амалга оширилди. Шу билан бирга, педагогларга иш ҳақидан ташқари тўланадиган устама ва қўшимча ҳақлар сони ҳам сезиларли кўпайди. Агар ўтган 2017 йилда умумтаълим мактаблари ходимлари учун бундай устама ва қўшимча тўловлар 15 тани ташкил этган бўлса, бугун уларнинг сони 40 дан ортиқ.
Хўш, кимларга қанча устама тўланади?
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Департамент директори ўринбосари Муҳаммадтоҳир Рафиқовнинг сўзларига кўра, бугун педагогнинг фақат иш стажи эмас, балки унинг билими, касбий маҳорати ва эришган натижалари ҳам қўшимча рағбатлантириш учун асос бўлмоқда.
Мутахассисга кўра, директор жамғармаси ҳисобидан педагогларга 50 фоизгача устама;
C1 даражали сертификатга эга ўқитувчиларга 50 фоизгача устама;
аттестацияда 86 ва ундан юқори балл тўплаган педагогларга 70 фоиз устама;
фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўлган ўқитувчиларга 150 фоизгача устама;
сифатли таълимни таъминлашда ижобий натижа кўрсатаётган мактаб ходимларига 40 фоизгача устама;
олис ҳудудларда фаолият юритаётган педагогларга иш стажига қараб 50 фоизгача устама;
таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга бошқа ҳудудлардан жалб қилинган ўқитувчиларга 100 фоизгача устама;
фан номзоди ва фан доктори илмий даражасига эга педагогларга 60 фоизгача устама тўланмоқда.
Шунингдек, Вазир жамғармаси ҳисобидан малакали педагог кадрлар ва илғор ходимларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида устама бериш тизими жорий этилган.
Мактаб раҳбарлари ҳам рағбатлантириш тизимидан четда қолмаяпти. Менежерлик сертификатига эга бўлган мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига 50 фоизгача устама тўланиши белгиланган.

Ҳозирда республика бўйича қарийб 17 минг нафар ўқитувчининг ойлик иш ҳақи 1000 АҚШ долларидан ортиқ миқдорни ташкил этмоқда. Бу эса педагогнинг касбий малакаси ва натижасига қараб унинг даромадини ошириш имкониятлари кенгайиб бораётганидан дарак.
15 йиллик меҳнат стажига эга олий тоифали педагоглар учун ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг 25 фоизигача бўлган қисми қоплаб берилиши назарда тутилган. Бу мақсад учун 200 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилиши белгиланган. Шундай қилиб, бугун педагог учун рағбат фақат ойлик маошида эмас — касбий натижа, малака, илмий даража, ҳудуд ва ҳатто уй-жой масаласида ҳам қўллаб-қувватлаш механизмларида намоён бўлмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА