Инсон ҳуқуқлари, очиқ мулоқот ва жамоатчилик иштироки янги босқичга кўтарилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик шодиёналари босиб ўтган тараққиёт йўлимизни яна бир карра сарҳисоб қилишга туртки бўлаётир. Айни шу кунларда ҳар бир соҳада амалга оширилган ислоҳотларнинг самараси ҳаётимизда, фаолиятимизда, кундалик турмушимизда қанчалик акс этаётганини таҳлил қилиб, натижалардан қувонч ҳиссини туймоқдамиз. Биргина инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқароларнинг дард-ташвишини тинглаш ва ҳал этиш йўналишида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўзбек Юсупов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Мустақиллик халқимизга ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий қадриятлар ва давлатчилигимиз асосларини тиклаш ва яратиш имкониятини берди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини янги ривожланиш босқичларига олиб чиқди. Хусусан, “Инсон қадри учун” деган тамойил, аввало, янги Ўзбекистон тараққиёти ва ҳар бир ислоҳотларнинг асосий маркази ва негизидан жой олди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари, очиқ мулоқот, жамоатчилик иштироки янада кучайтирилди. Кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида жамоатчилик назорати янада фаоллашди. Фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган ислоҳотлар орқали халқ давлат бошқарувининг асосий иштирокчисига айланиб бормоқда.

Мустақиллик, энг аввало, инсоннинг қадри, ҳуқуқи, эркинлиги ва шаъни давлат сиёсатида қай даражада устувор ўрин эгаллаши билан ўлчанади. Шу маънода Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўлига назар ташласак, жамият ҳаётида инсон ҳуқуқларига муносабат, давлат ва халқ ўртасидаги мулоқот ҳамда фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштироки тубдан ўзгарганини кўрамиз. Бугун мамлакатимиз ҳаётида “инсон қадри”, “очиқ мулоқот”, “жамоатчилик назорати”, “фуқаролик жамияти”, “қонун устуворлиги” каби тушунчалар оддий сиёсий шиор эмас, балки давлат бошқарувининг мазмунини белгилайдиган муҳим мезонларга айланди.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ўзининг демократик тараққиёт йўлини белгилаб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга қаратилган ҳуқуқий пойдеворни шакллантирди. Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда ҳам инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида эътироф этилди. Бу шунчаки ҳуқуқий норма эмас. Бу давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатнинг фалсафасини белгилаб берган тамойилдир. Сўнгги йилларда ушбу тамойил янада амалий мазмун касб этди. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш, аҳолининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органларининг халқ олдидаги масъулиятини оширишга қаратилган ислоҳотлар кенг тус олди. Энг муҳими, жамиятда “давлат учун инсон” эмас, балки “инсон учун давлат” деган ёндашув тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Фуқароларнинг мурожаатига қулоқ тутиш, унинг муаммосини оғзаки эмас, амалий ечим билан ҳал этиш, мансабдор шахснинг фуқаро олдидаги масъулиятини кучайтириш ҳуқуқий давлатнинг ҳаётий белгиларидир. Сўнгги йилларда олиб борилаётган жадал ислоҳотлар натижасида очиқлик сиёсати, эркин мулоқот — жамият ҳаётида янги сиёсий маданият сифатида шаклланди. Давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларда энг катта ўзгаришлардан бири очиқ мулоқот тамойилининг кучайишидир.
Авваллари фуқаро кўп ҳолларда ўз муаммосини давлат идорасининг юқори ташкилотларига етказиш учун турли бюрократик тўсиқлардан ўтишга мажбур бўлган бўлса, бугун давлат органларининг ўзи аҳоли билан мулоқот қилиш, муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш ва жамоатчилик фикрини эшитишга тобора кўпроқ эътибор қаратмоқда. Бугунга келиб давлат идоралари ва мансабдор шахслар ўз фаолиятларини нафақат маҳаллабай, балки оила ва фуқаробай тарзда олиб бормоқда. Бундай ислоҳот жамиятимиздаги ҳар бир оиланинг, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг ҳаётида ижобий ўзгаришларга асос бўлмоқда. Бу жараён сиёсий бошқарув маданиятида муҳим бурилишдир. Чунки очиқ мулоқот шунчаки одамларни қабул қилиш эмас. Очиқ мулоқот — жамият ва инсонларнинг шахсий ҳаётидаги ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан билдирган мурожаатларни эшитиш, ўрганиш ва жойида ҳал этиш, айниқса, жамоатчилик олдида ҳисобдор бўлиш демак.
Шу нуқтаи назардан айтиб ўтиш керакки, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, фуқаролар мурожаатлари ва жамоатчилик муҳокамалари давлат сиёсатининг муҳим ахборот манбаларига айланиб бормоқда. Бугун жамиятдаги муаммо бир инсоннинг шахсий шикояти бўлиб қолиб кетмай, кенг жамоатчилик муҳокамасига чиқиши ва қарор қабул қилувчилар эътиборини тортиши мумкин. Бу эса фуқаронинг сиёсий субъект сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.
Жамоатчилик иштироки — демократиянинг тирик механизми. Демократия фуқаронинг ҳар куни ўз жамияти тақдирига дахлдорлигини ҳис қилиши, қарорлар муҳокамасида иштирок этиши ва давлат фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошира олиши. Сўнгги 10 йилликда мамлакатимиз ҳаётида ҳам жамоатчилик иштирокининг янги механизмлари шакллантирилди. Жамоатчилик муҳокамалари, очиқ бюджет жараёнлари, электрон мурожаатлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг фаоллашуви одамларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтирмоқда.
Бу жараённинг энг муҳим жиҳати шундаки, фуқаро энди давлат қарорларининг фақат ижрочиси эмас, балки уларни шакллантириш жараёнининг ҳам иштирокчиси бўлиш имкониятига эга. Албатта, жамоатчиликнинг иштироки ва назорати мамлакатимизда қонун ва қонуности ҳужжатларнинг, шунингдек, ислоҳотларнинг ижросини тўлиқ таъминланишига замин яратувчи механизм бўлиб хизмат қилади. Фуқаронинг мурожаатига ўз вақтида муносабат билдириш, жамоатчилик таклифини қарор қабул қилиш жараёнида инобатга олиш — бугунги давлат бошқарувининг муҳим талаби.
Бугун янги Ўзбекистон тараққиётининг ривожланиш босқичида фаол фуқаролик позицияси ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини теран англаши, ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида жамият ҳаётидаги ҳар бир воқеликка бефарқ бўлмаслиги, дахлдорлик ҳисси билан яшаши ривожланиб бораётган янги Ўзбекистоннинг чинакам асосига айланди.
Зеро, кучли давлатнинг энг ишончли таянчи — ўз ҳуқуқини англаб етган, ўз фикрини эркин ифода этадиган ва мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган фуқаролар. Жамоатчилик фаол бўлган жойда эса давлат ва жамият ўртасида ҳақиқий ҳамкорлик шаклланади. Зеро, мустақилликнинг энг катта маъноси ҳам инсон ўз тақдирининг, жамият эса ўз келажагининг фаол иштирокчисига айланишидадир.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА