
Сирдарё вилояти Гулистон туманида 14 йил давомида фақат шаръий никоҳ асосида яшаб келган оила фуқаролик ҳолати ҳуқуқий жиҳатдан расман тан олинишига эришди. Бу воқеа О. Сатторов ва Ш. Абдуқодирова оилалари учун муҳим аҳамият касб этиб, уларнинг оилавий муносабатлари туман ФҲДЁ бўлимида қонуний асосда қайд этилди.
Мазкур ҳолат аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, расмий никоҳнинг ҳуқуқий ва ижтимоий аҳамиятини кенг тарғиб қилиш борасида Гулистон тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда туман ФҲДЁ бўлими ҳамкорлигида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасининг ёрқин намунасидир.

Оила томонидан берилган мурожаат асосида уларнинг никоҳ муносабатлари расман қайд этилиб, давлат гувоҳномаси тантанали тарзда топширилди. Бу эса, оила аъзоларининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлашга, шунингдек фарзандларга нисбатан ота-оналик ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишга ҳуқуқий замин яратди.

Тадбир давомида мутахассислар томонидан расмий никоҳнинг ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатлари, айниқса аёллар ва болаларнинг ҳуқуқий ҳимояси билан боғлиқ масалалар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Маълумки, Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фарзандлар тарбиясида барқарор муҳит яратиш давлат ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири