1-босқичга тавсия этилганлар талабалар турар жойига жойлашиш бўйича ариза топшириши мумкин
Олий таълим муассасасига қабул жараёни якунланиб, янги ўқув йили яқинлашган сари талабалар ва уларнинг ота-оналарини яна бир савол ўйлантира бошлайди: талаба қаерда яшайди?
Айниқса, бошқа вилоят ёки тумандан Тошкентга ўқиш учун келадиган ёшлар учун талабалар турар жойи масаласи муҳим аҳамият касб этади. Ётоқхонада жой олиш учун кимлар устувор ҳисобланади, ариза қандай топширилади ва жойлар қандай тартибда тақсимланади — бу саволлар ҳар йили минглаб талабаларни қизиқтиради.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 2026–2027 ўқув йилида ОТМнинг 1-босқичига тавсия этилган абитуриентлар учун талабалар турар жойига жойлашиш бўйича ариза топшириш хизмати ишга туширилди.
Аризалар 18 августдан Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали қабул қилинади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, мавжуд тартибга асосан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар, ижтимоий реестр, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” бўйича ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар, айрим республика ва халқаро олимпиада, танлов ва интеллектуал мусобақа ғолиблари ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа тоифаларга кирувчи талабалар ётоқхонага имтиёзли тартибда жойлашиш ҳуқуқига эга.
Ушбу маълумотларнинг аксарияти давлат ахборот тизимлари орқали автоматик текширилади. Тизимда маълумот топилмаса, тасдиқловчи ҳужжат талаб этилиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА