Пуллик тиббий хизматда шаффофлик: рақамлаштириш коррупциявий хавфларни қандай камайтиради?
Инсон саломатлиги энг олий қадрият. Шу боис тиббий хизматнинг сифати, очиқлиги ва адолатли ташкил этилиши аҳоли ишончини таъминлайдиган муҳим омиллардан биридир. Бугун давлат тиббиёт муассасаларида пуллик хизматларни такомиллаштириш, уларни рақамлаштириш ва коррупциявий хавфларни барвақт аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Коррупцияга қарши ички назорат бошқармасининг Навоий вилояти бўйича бош мутахассиси Отабек Сафаров тизимда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:
- Давлат тиббиёт муассасаларида пуллик хизматларнинг ташкил этилиши мавжуд тиббий ускуналардан самарали фойдаланиш, бюджетдан ташқари қонуний даромадларни ошириш, муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва тиббиёт ходимларини рағбатлантириш учун қўшимча имконият яратади. Бироқ бу жараён очиқ ва назорат қилинадиган механизмлар асосида йўлга қўйилмаса, аксинча, коррупциявий хавфларни келтириб чиқариши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида пулли хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан давлат тиббиёт муассасаларида пуллик хизматларни ташкил этиш, тарифларни шакллантириш, мижозлар билан шартнома тузиш, тўловларни қабул қилиш ҳамда тушган маблағларни сарфлаш тартиблари белгилаб берилган.

Аввало, бемор қайси хизмат бепул, қайси бири пуллик эканини аниқ билиши керак. Ахборот етишмаслиги бепул хизмат учун асоссиз ҳақ талаб қилиш, беморни қўшимча текширувларга йўналтириш ёки имтиёзли тоифадаги фуқародан тўлов ундириш каби хавфларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун рақамли тизим фуқаронинг идентификация маълумотлари асосида унинг бепул хизмат олиш ҳуқуқини автоматик аниқлаши мақсадга мувофиқ.
Тарифларнинг очиқлиги ҳам муҳим. Пуллик хизмат нархи иқтисодий асосланган калькуляцияга таяниши, унда иш ҳақи, ижтимоий солиқ, дори воситалари, сарфлов материаллари, коммунал харажатлар ва ускуналар амортизацияси ҳисобга олиниши лозим. Тасдиқланган тарифларни ягона очиқ электрон реестрда эълон қилиш беморга хизмат нархи ва таркиби ҳақида олдиндан маълумот олиш имконини беради.
Коррупциявий хавфларни камайтиришда тўловларни рақамлаштириш ҳам катта аҳамиятга эга. Тўлов банк, касса, терминал ёки электрон тизимлар орқали амалга оширилиши, беморга фискал чек берилиши керак. Шу билан бирга, тўлов, хизмат тури, тариф, сана, фискал чек рақами ва хизмат натижаси ягона тизимда қайд этилиши зарур. Тўлов билан хизмат ўртасида тафовут аниқланса, бу ҳолат комплаенс хизматига автоматик сигнал бериши мумкин.
МРТ, КТ, МСКТ, ультратовуш ва лаборатория хизматларида ҳам ускунанинг ишлаган вақти, беморлар сони, сарфланган материаллар ва тушум ўзаро солиштирилиши лозим. Ягона рақамли платформа бундай маълумотларни реал вақтда таҳлил қилиб, тушумларни яшириш ёки ускунадан фойдаланиш кўрсаткичларини сунъий ўзгартириш каби ҳолатларни барвақт аниқлаш имконини беради.
Айниқса, операция, туғруқ ва стационар хизматларда беморнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳим. Кўрсатилган хизматлар, ишлатилган дори воситалари ва сарфлов материаллари электрон ҳисобварақда акс этиб, бемор ёки унинг яқинлари шахсий кабинет орқали бу маълумотлар билан танишиши мумкин бўлиши керак.
Замонавий комплаенс тизими қоидабузарлик содир бўлганидан кейин текшириш билан чекланмасдан, хавфларни олдиндан аниқлаши лозим. Нақд тўловлар улушининг кескин ошиши, фискал чекнинг шаклланмаслиги, тўлов ва хизмат маълумотларининг мос келмаслиги, тиббий ускуна юкламаси билан тушум ўртасидаги тафовут, беморларни ташқи дорихоналарга такрорий йўналтириш каби ҳолатлар хавф индикатори сифатида автоматик таҳлил қилиниши мақсадга мувофиқ.

Беморларнинг фикри ҳам муҳим назорат воситасидир. Хизматдан кейин электрон сўровнома ўтказиш орқали нарх тушунтирилгани, чек берилгани, норасмий тўлов талаб қилингани ёки дори воситаларини ташқаридан харид қилиш сўралгани каби ҳолатларни аниқлаш мумкин.
Навоий вилоятида аҳоли ва беморлар ўртасида 700 нафардан ортиқ, тиббиёт ходимлари ўртасида эса 1 200 нафардан ортиқ иштирокчини қамраб олган ҳолда сўровлар ўтказилиб, натижалар асосида коррупциявий хавфларни камайтиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилган. Ҳудудий тажриба банк кассаларини ташкил этиш, видеокузатув, электрон тўловлар ва тиббий ахборот тизимларини жорий этиш самарали эканини кўрсатмоқда.
Шаффофлик тушган маблағларнинг сарфланишини ҳам қамраб олиши керак. Даромадларнинг муассасани ривожлантириш, дори воситалари хариди, ускуналарни таъмирлаш, коммунал харажатлар ва ходимларни рағбатлантиришга қанча қисми йўналтирилаётгани очиқ бўлиши зарур. Айниқса, рағбатлантириш маблағларини хизмат ҳажми, сифати, беморлар баҳоси ва ходимнинг ҳақиқий иштироки асосида ҳисоблаш адолатли ёндашувни таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, пуллик тиббий хизматнинг ўзи коррупция манбаи эмас. Асосий хавф хизмат, нарх, тўлов ва натижа ўртасида шаффоф рақамли боғлиқликнинг мавжуд эмаслигидадир. Беморни рўйхатга олишдан бошлаб унинг бепул хизмат олиш ҳуқуқини текшириш, электрон шартнома ва тўлов, тиббий хизмат натижаси, фискал чек ҳамда бемор фикрини ўрганишгача бўлган жараёнлар ягона рақамли занжирга бирлаштирилса, коррупциявий хавфлар сезиларли даражада камаяди.
Энг муҳими, бундай тизим комплаенс назоратини қоидабузарликни аниқловчи механизмдан унинг олдини олувчи профилактик тизимга айлантириб, бемор ҳуқуқлари, тиббиёт муассасаларининг молиявий барқарорлиги ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЎзА мухбири Абдували Бўриев
ёзиб олди.