Заррин ипларда миллат руҳи мужассам
Кўҳна ва боқий Бухоро шаҳрида ўтказилаётган III Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали доирасида Ўзбекистон халқ устаси, таниқли зардўз ҳунарманд Бахшилло Жумаевнинг 70 йиллик юбилейига бағишланган “Заррин иплар мусиқаси” номли ижодий фотокўргазманинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу маданий тадбир нафақат бир устоз ҳунарманднинг сермазмун ижодий фаолиятига эҳтиром, балки миллий амалий санъатимиз, хусусан, Бухоро зардўзлик мактабининг бой тарихи ва бетакрор анъаналарини кенг тарғиб этишга хизмат қилаётир.
Кўргазмага ташриф буюрган меҳмонлар ва санъат ихлосмандлари Бахшилло Жумаевнинг кўп йиллик меҳнати ва юксак маҳорати намунаси бўлган ноёб асарлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Экспозициядан ўрин олган йирик ҳажмли зардўзлик асарлари, миллий нақшлар билан безатилган либослар, халқимизнинг урф-одат ва қадриятларини акс эттирувчи амалий санъат намуналари томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Айниқса, “Етти гўзал” деб номланган махсус бўлим кўргазманинг энг диққатга сазовор қисмларидан бирига айланди. Унда миллий нафосат, бадиий ечим ва зардўзлик санъатининг нозик жиҳатлари уйғунлашган асарлар намойиш этилди. Шунингдек, ўзбек халқининг тўй ва чимилдиқ анъаналарига бағишланган бўлим ҳам меҳмонларда ўзига хос таассурот қолдирди. Бу ерда миллий либослар, бош кийимлар, чимилдиқ жиҳозлари ва халқ удумларини ифодаловчи 25 га яқин тарихий ҳамда амалий санъат намуналари жой олган.
Кўргазма давомида зардўзлик ва заргарлик санъатининг анъанавий технологиялари, зар ип билан ишлаш усуллари, қадимий нақш ва безак турлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Бу эса ёш авлоднинг миллий ҳунармандчиликка бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Тадбир давомида Ўзбекистон халқ устаси Бахшилло Жумаев билан бўлган қисқа суҳбат ҳам йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
–Зардўзлик мен учун шунчаки касб эмас, бу миллат тарихи ва қалбининг ифодаси, –дейди устоз ҳунарманд. –Ҳар бир зар ипда аждодларимизнинг нафосати, сабри ва диди мужассам. Бугунги ёшларимиз ҳам бу санъатга қизиқиб, уни давом эттираётгани мен учун энг катта бахт.
Устознинг таъкидлашича, миллий ҳунармандчиликни асраб-авайлаш ва уни замонавий услублар билан уйғунлаштириб ривожлантириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
[gallery-29439]
–Биз фақат буюм яратмаяпмиз, балки миллат хотираси ва қадриятларини келажак авлодга етказаяпмиз. Агар ёшлар ўз илдизини унутмаса, миллий санъатимиз ҳеч қачон йўқолмайди, — деди Бахшилло Жумаев.
Мазкур кўргазма миллий ҳунармандчилик меросини асраб-авайлаш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, айниқса, ёшлар қалбида миллий қадриятларга ҳурмат ва муҳаббат туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
“Заррин иплар мусиқаси” кўргазмаси нафақат санъат байрами, балки халқимизнинг бой маънавий мероси, юксак эстетик диди ва асрлар давомида сайқал топган миллий анъаналарининг ёрқин намоёни сифатида иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари