Замонавий армия: Нукус гарнизонида байрам тадбири
Қуролли Кучларнинг жанговар салоҳияти, тезкор бошқарув тизими, узлуксиз алоқа ва хавфсиз ахборот алмашинуви замирида айнан фидойи ҳарбий алоқачилар, ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси мутахассисларининг машаққатли меҳнати мужассамдир.
Шу муносабат билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округда 7-Май ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ходимларининг касб байрами кўтаринки руҳда нишонланди. Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида ташкил этилган байрам тадбири юрт ҳимоячиларига бўлган юксак эътибор ва эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодасига айланди.
Тадбирда округ қўшинлари қўмондони байрам табригини ўқиб эшиттирди. Унда мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, қўшинларни замонавий рақамли технологиялар билан таъминлаш, ҳарбий бошқарув тизимларини такомиллаштиришда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ходимларининг ўрни ва аҳамияти алоҳида таъкидланди.
[gallery-29287]
Айниқса, ҳарбий алоқачиларнинг сергаклик билан олиб бораётган хизматлари туфайли қўшинларда узлуксиз алоқа таъминланиб, жанговар шайлик юксак даражада сақланаётгани эътироф этилди. Рақамлаштириш жараёнларининг изчил амалга оширилаётгани, илғор технологияларнинг ҳарбий тизимга кенг жорий қилинаётгани мамлакат мудофаа қудратини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани фахр билан тилга олинди.
Тантанали тадбирда хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, соҳада юқори натижаларга эришаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ҳамда Қуролли Кучлар тизими ходимлари фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Байрам тадбирига Нукус гарнизони ҳарбий оркестрининг жўшқин куй-қўшиқлари алоҳида файз бағишлади. Хушовоз хонандалар томонидан ижро этилган Ватан, садоқат ва жасоратни мадҳ этувчи қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашиб, тадбирнинг унутилмас таассуротлар билан ўтишига хизмат қилди.
Дарҳақиқат, замонавий технологиялар асрида ҳарбий алоқачилар ва АКТ соҳаси мутахассислари армиянинг “кўринмас қалқони”, тезкор бошқарувнинг мустаҳкам таянчи ҳисобланади. Уларнинг фидокорона меҳнати, касбига бўлган садоқати ва масъулияти туфайли мамлакатимиз Қуролли Кучлари янада қудратли, замонавий ва ҳар қандай синовларга тайёр бўлиб бормоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.