ЖИДУда ёш тадқиқотчилар форуми ўтказилди
Бугун пойтахтимиздаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсатидаги ислоҳотларга ёшларнинг қараши” мавзусида ёш тадқиқотчилар форуми бўлиб ўтди.
Мазкур йиғин ўлкамизда амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий ислоҳотларга ёшларнинг муносабатини ўрганиш, уларнинг илмий-таҳлилий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда амалий таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.

ЖИДУ қошидаги Талабалар илмий жамияти ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Ташқи ишлар вазирлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий Осиё халқаро институти, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда бошқа қатор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Шунингдек, анжуманда ЖИДУ, Тошкент давлат юридик университети, Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ва бошқа олий таълим муассасалари талабалари, ёш тадқиқотчилар қатнашди.

Форум давомида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, қонун устуворлиги, ташқи сиёсат трансформацияси, замонавий дипломатия тизими, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши, транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш каби долзарб мавзулар муҳокама қилинди.
Конференция якунларига кўра, иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар келгусида мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатига оид экспертлик муҳокамаларида қўлланилиши мумкинлиги таъкидланди.
Тадбир ёшлар, давлат идоралари ва экспертлар ўртасида очиқ мулоқот платформасига айланиб, Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнида ёшларнинг иштироки тобора муҳим аҳамият касб этаётганини яна бир бор намоён қилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА