Ипотека субсидиялари учун аризалар қабули қачон бошланиши маълум қилинди
Ўзбекистонда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш ва ипотека кредитларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган давлат қўллаб-қувватлаш чоралари изчил давом этмоқда. Ана шундай имкониятлардан бири — ипотека кредити бўйича давлат субсидияси учун навбатдаги аризалар қабули бошланмоқда.
2026 йил 27 июль куни соат 15:00 дан бошлаб ипотека кредитлари бўйича давлат субсидияларини олиш учун аризалар қабули бошланади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, аризалар аввал тақдим этилган, аммо амал қилиш муддати давомида фойдаланилмаган субсидия хабарномалари ҳисобидан қабул қилинади. Ипотека субсидиясидан фойдаланиш учун фуқаро ижтимоий мезонлар асосида баҳолаш натижасига кўра камида 30 балл тўплаши ҳамда иштирокчи тижорат банкларидан камида бирининг ички талабларига мос ижобий кредит тарихига эга бўлиши лозим.
Шунингдек, ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи номида республика ҳудудида мулк ҳуқуқи асосида турар жой мавжуд бўлмаслиги, ўртача ойлик даромади эса белгиланган ижтимоий мезонларга мувофиқ бўлиши талаб этилади.
Аризаларни Давлат хизматлари марказлари, myGov мобил иловаси ёки my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш мумкин. Ҳарбий тузилмалар ходимлари эса бевосита Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари мумкин.
Вазирлик ариза берувчиларга муҳим эслатма билан ҳам мурожаат қилди. Унга кўра, ариза топшириш жараёнида OneID тизими орқали иштирокчи тижорат банкларига кредит тарихини баҳолаш учун шахсий маълумотлардан фойдаланишга рухсат берилган бўлиши, шунингдек, кредит тарихи ҳақидаги маълумотларни олишга чеклов ўрнатилмаган бўлиши шарт. Акс ҳолда, аризани кўриб чиқиш имкони бўлмайди ва у рад этилади.
Бугунги кунда субсидияли ипотека кредитлари дастурида мамлакатнинг 15 та тижорат банки, жумладан, «Агробанк», «Алоқабанк», «Асакабанк», «Ҳамкорбанк», «Ипотекабанк», «Халқ банки», «Ўзмиллийбанк», «Ўзсаноатқурилишбанк» ва бошқа молия муассасалари иштирок этмоқда.
Мутахассислар фуқароларга ариза топширишдан аввал OneID тизимидаги шахсий маълумотлар созламалари ва кредит тарихи билан боғлиқ талабларни текшириб чиқишни тавсия этмоқда. Бу субсидия олиш жараёнида техник сабабларга кўра аризанинг рад этилишининг олдини олади.
Ш.Маматуропова, ЎзА