Юртимизда тиббиёт туризми янада ривожланади
Андижонда тиббиёт туризмини ривожлантириш масалаларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тиббий туризм ассоциацияси ҳамкорлигида Андижон фармацевтика ҳудудидаги “Фармапарк” компаниясида ўтказилган халқаро амалий анжуман очилишида Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Шоҳруҳ Мамажонов, республика Тиббий туризм ассоциация раиси Акобир Шукуров сўз олиб, анжуман иштирокчиларини қутлади. Кейинги йилларда мамлакатимизда нафақат тиббиёт тизими, балки тиббиёт туризми ҳам тобора ривожланиб бораётганлиги таъкидланди.

Бир неча йиллар аввал, кўплаб юртдошларимиз Туркия, Ҳиндистон, Россия, Европа мамлакатларига даволаниш учун борар эди. Бугунги кунга келиб, юртимиз тиббиёти ривожланди, тиббий хизмат сифати юксалди. Даволаш, турли жарроҳлик амалиётларини қўллашда илғор услублар татбиқ этилди, замонавий тиббий аппаратлардан фойдаланиш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида бошқа давлатлардан юртимизнинг тиббий муассасаларига келиб даволанувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Жумладан, биргина ўтган 2024 йил давомида Андижон вилоятидаги хусусий тиббий-даволаш муассасаларида 4 минг нафарга яқин чет эл фуқаролари даволанди.

Мамлакатимиз тиббий даволаш муассасалари вакиллари, хорижлик мутахассислар иштирок этган тадбирда тиббиёт туризмини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама этилди.
Мутахассисларнинг Ўзбекистон Республикаси тиббий туризм ассоциацияси фаолияти, шунингдек, соҳани ривожлантиришга оид, “Хонободда соғлиқни сақлаш ва дам олиш туризмининг истиқболлари” мавзусидаги маърузалари тингланди. Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Шундан сўнг мамлакатимизда фаолият олиб бораётган қатор хусусий тиббий муассасалар фаолияти бўйича тақдимотлар ўтказилди.

Тақдимотда ана шу тиббий муассасалар фаолияти, даволаш имкониятлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Конференция давомида Қирғизистон Республикасидан келган мутахассислар томонидан Қирғизистондаги қатор тиббий муассасалар, уларнинг фаолияти ва имкониятлари ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Тиббиёт туризмини ривожлантириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар билдирилди.
Қирғизистон Республикаси вакиллари билан тиббий туризм йўналишида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шундан сўнг анжуман иштирокчилари Андижондаги дори-дармон ва тиббий жиҳозлар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти билан танишди.
Анжуманнинг иккинчи кунида иштирокчилар Андижон вилоятидаги қатор тиббий муассасалар фаолияти, тиббий туризм йўналишида олиб борилаётган ишлар билан бевосита танишди.
Ушбу анжуман мамлакатимизда тиббиёт туризмини ривожлантириш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга, халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.