Яшил макон яратишда таълим соҳаси вакиллари ҳам фаол
Сурхондарё вилояти Таълим ва илм-фан бошқармаси ташаббуси билан ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва яшил майдонларни кенгайтиришга қаратилган кўчат экиш акцияси ўтказилди.
Тадбир давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 мартдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида ташкил этилди.
Акцияда бошқарма тизимидаги ходимлар фаол иштирок этиб, жами 2 минг туп манзарали дарахт кўчати экди. Кўчатларнинг яхши униб-ўсиши учун уларни агротехник талаблар асосида экиш ва келгусида парваришлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ташаббус ҳудудларни ободонлаштириш, яшил майдонларни кўпайтириш, экологик муҳитни яхшилаш билан бирга, таълим соҳаси ходимларининг экологик маданиятини юксалтириш, ёш авлодда табиатга дахлдорлик ва масъулият туйғусини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-32777]
Вилоят таълим тизимида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва кўкаламзорлаштиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА