Юридик университетда иккинчи олий таълим олишга йўл очилди
Ўзбекистон олий таълим тизимида фуқароларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва қайта тайёрланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда ҳукумат қарори билан тасдиқланган янги низомга мувофиқ, энди олий маълумотга эга бўлган фуқаролар Тошкент давлат юридик университетида (ТДЮУ) махсус 3 йиллик таълим дастури асосида иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш имкониятига эга бўлади.
Мазкур тартибга кўра, олий маълумотга эга бўлган талабгорлар тест синовлари асосида “Юриспруденция” таълим йўналишига қабул қилинади. Ҳужжатларни қабул қилиш ҳар йили 10 июлдан 10 августга қадар (шу куни ҳам) Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг махсус электрон тизими орқали амалга оширилади.
Бундан ташқари мазкур низомга мувофиқ, абитуриентлар тест синовларида фақат мутахассислик фанлари ва чет тили бўйича иштирок этади. Бунда умумий тартибдаги кириш имтиҳонларида назарда тутилган имтиёзлар махсус 3 йиллик таълим дастурига татбиқ этилмайди. Фақат чет тилини билиш бўйича халқаро сертификатларга эга бўлганлар учун амалдаги тартиб сақланиб қолади.
Шунингдек, магистратура босқичида ўқиш муддати ҳам аниқ белгиланди. Хусусан, “Юриспруденция” бакалавриат таълим йўналишини тамомлаганлар магистратурада 1 йил, турдош таълим йўналишлари битирувчилари эса 2 йил давомида таҳсил олади.
Бу тартиб юридик соҳада қўшимча мутахассисликка эга бўлиш, касбий фаолиятини кенгайтириш ҳамда ҳуқуқшунослик соҳасида билим ва малакасини ошириш истагидаги олий маълумотли фуқаролар учун кенг имкониятлар яратади. Шу билан бирга, мазкур қарор мамлакатда малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва юридик таълим сифатини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА