Давлат ижтимоий суғуртаси тизимидаги янги ислоҳотлар муҳокама қилинди
Ўзбекистонда давлат ижтимоий суғуртаси тизимини такомиллаштириш, иш берувчилар ва ходимлар учун ижтимоий кафолатларни кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси ташаббуси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ҳамкорлигида иш берувчилар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси раиси Даврон Ваҳобов, соҳа масъуллари ҳамда хусусий секторнинг қарийб 300 нафар вакили иштирок этди.
Очиқ мулоқот давомида давлат ижтимоий суғуртаси тизимида амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлар, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлашнинг янги тартиби, шунингдек, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини давлат томонидан молиялаштириш механизмининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Хусусан, 2026 йил 1 июлдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси янги тартиб асосида тўланмоқда. Унга кўра, меҳнатга лаёқатсизликнинг дастлабки 1–5 кунлик даври учун нафақа иш берувчи томонидан, 6-кундан бошлаб эса Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади. Янги тизим асосида жорий йилнинг иккинчи ярмида қўшимча 800 минг нафар ходимни мазкур ижтимоий кафолат билан қамраб олиш режалаштирилган.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини давлат томонидан молиялаштириш механизми жорий этилди. Ушбу янгилик натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида хусусий секторда фаолият юритаётган 10 минг 919 нафар аёл ходимга 163,3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилди.
Тадбирда таъкидланганидек, хусусий сектор ходимлари мазкур ижтимоий кафолатлардан тўлиқ фойдаланиши учун “Baraka” мобил иловаси орқали Ижтимоий картани расмийлаштириши зарур.
Очиқ мулоқот иштирокчилари янги тартибларнинг амалиётда қўлланилиши, иш берувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда давлат ижтимоий суғуртаси тизимини янада самарали ташкил этиш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА