Юксалиш йўли китобхонликдан бошланади
Инсоният тарихига назар ташласак, ҳар бир тараққиёт ва юксалиш ортида илм-маърифат, китобга ошнолик турган бўлади. Илм-фанга улкан ҳисса қўшган алломалар, буюк кашфиётлар ва тараққиётлар аввало маърифатга бўлган юксак эътибор туфайли юзага келган.
Мутолаа маданияти юқори бўлган жамиятларда фуқароларнинг ҳуқуқий онги, маданий савияси ва ижтимоий фаоллиги ҳам сезиларли даражада юксалади. Шу маънода, бугун юртимизда китобхонликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор оддий ижтимоий ташаббус эмас. Бу мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва келажак тараққиётини таъминлашга қаратилган муҳим стратегик ҳаракатдир.
Президент Шавкат Мирзиёев 22 май куни Халқаро конгресс марказида Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича умуммиллий ҳаракатга старт бериш маросимида сўзлаган нутқида бу масалага алоҳида тўхталди.
Давлатимиз раҳбари бугунги мураккаб ва шиддат билан ўзгараётган дунёда инсоннинг мустақил фикрлаши энг катта устунликлардан бири эканини таъкидлаб, ушбу фазилатни шакллантиришда китобхонликнинг ўрни беқиёс эканига эътибор қаратди.

Дарҳақиқат, бугун ҳар қандай маълумотни бир неча сония ичида топиш мумкин. Аммо уни тўғри англаш, таҳлил қилиш ва ҳаётда қўллаш учун чуқур тафаккур зарур. Ана шундай тафаккур эса мутолаа орқали шаклланади. Китоб инсонни ўйлашга, изланишга ва воқеа-ҳодисаларга теран назар билан қарашга ўргатади.
Халқаро тажриба ҳам китобхонлик ва таълим сифати ўртасида узвий боғлиқлик мавжудлигини кўрсатади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан ўтказиладиган ПИСА халқаро баҳолаш дастурида юқори натижаларга эришаётган мамлакатлар ўқувчилари матнни таҳлил қилиш, асосий ғояни ажратиб олиш ва хулоса чиқариш кўникмалари билан ажралиб туради. Бу эса мутолаа маданияти таълим самарадорлиги ва ёшларнинг интеллектуал ривожланишида муҳим омил эканини тасдиқлайди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда китобхонликни ривожлантириш, мутолаа маданиятини кенгайтириш ва ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган қатор тизимли ташаббуслар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, “Ёш китобхон”, “Мутолаа”, “Ёшлар учун минг китоб” ва бошқа шу каби лойиҳалар кўплаб китобсеварларни бирлаштирмоқда.
Улар қаторида “Ёш китобхон оила” ташаббуси китобхонлик маданиятини оилавий муҳитга олиб кириш, ота-она ва фарзанднинг биргаликда мутолаа қилиш анъанасини шакллантиришга муҳим асос бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 22 майда қабул қилинган “Ёшлар орасида китобхонлик дастурини кенг жорий этиш ва уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармойиши айни йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Фармойишга кўра, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида китоб ўқишга қизиқишни оширишга қаратилган “Миллий китобхонлик ҳаракати” доимий равишда ўтказилади. Ушбу ҳужжат китобхонликни фақат ташаббус ёки алоҳида лойиҳалар доирасида эмас, балки тизимли ва узлуксиз жараён сифатида шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Эътиборлиси, эндиликда ҳар йили мазкур тадбирнинг финал босқичи Президент даражасида ўтказилади. Дастурнинг умумий йиллик мукофот фонди 240 минг долларни ташкил этади. Бош соврин соҳиби 50 минг доллар билан тақдирланади. Бу юртимиз тарихида китобхонлик бўйича энг салмоқли мукофот бўлади.
Мазкур ташаббусларни самарали амалга оширишда халқаро тажрибанинг ҳам ўрни юқори. Жумладан, Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги яқин дўстлик ва стратегик шериклик доирасида миллий маънавий меросимиз асосида юртимизда китобхонликни янги босқичга олиб чиқишга қарор қилинди.
Мазкур жараённинг аҳамияти ҳақида Филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов фикр билдирар экан, аслида бу ҳаракат бир неча йилдан бери, самарали давом этиб келаётгани билан аҳамиятли эканига урғу берди:
– Яқинда "Ёш китобхон" танловининг республика босқичини якунладик. Энг муносиб кўрилган ёш китобхонлар Президентимиз совғаси – автомобилга эга бўлди. Давлатимиз раҳбарининг 1-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилар ва кенг китобхонлар учун қабул қилган фармойиши чин маънода тарихий ҳужжат бўлди. Чунки китоб миллатни миллат сифатида шакллантирадиган, унинг маънавий қиёфасини белгилайдиган энг муҳим омилдир. Шу боис “китоб, китоб ва яна китоб” деган ғоянинг қайта-қайта таъкидланаётгани бежиз эмас.
Маърифат йўлини танлаган ўқитувчи ҳам, китоб билан улғаяётган ўқувчи ҳам бу фармойишни катта мамнуният билан қабул қилмоқда. Биз бу ҳаракатни шунчаки ташаббус эмас, балки изчил давом этадиган умуммиллий маънавий жараён сифатида кўряпмиз. Китобларни танлаб, ўқувчиларга тавсия этиладиган рўйхатларни шакллантириш орқали бу жараёнга ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Мутахассис китобнинг инсон ҳаётидаги ўрнини қуйидагича таърифлади:
– Маънавияти юксак инсонни, ўқувчини бошқа одам турли таҳдидлар билан асло енга олмайди. Боиси, китоб инсоннинг руҳий дунёсини мустаҳкамлайди. Бугун ўқилаётган китоблар мамлакатимиз ёшларини шахс сифатида шакллантиришга хизмат қилиш керак. Менинг тасаввурим, умидим ва орзуим мана шу – “Миллий китобхонлик ҳаракати” юксак эзгу ғояларга албатта хизмат қилсин.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА