Академик университет лабораторияси фаолияти билан танишди
Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, академик Шавкат Аюпов Андижон давлат университетида бўлиб, “Қайта тикланувчи энергия манбалари” ўқув-илмий лабораторияси фаолияти, лабораторияда яратилган шарт-шароитлар, инновацион ишланмалар ва илмий тадқиқотлар натижалари билан яқиндан танишди.
Ўрганиш давомида университет ўқув-илмий лабораторияси раҳбари, профессор Раимжон Алиев лабораторияда амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари, илмий-инновацион лойиҳалар, уларнинг амалий аҳамияти, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги ривожланиш йўналишлари бўйича кенг маълумотлар берди.
Айни пайтда мазкур лабораторияда кўплаб илмий лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Синов ва тажрибадан ўтган қатор лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар тайёрланган.
[gallery-29864]
Академик Шавкат Аюпов қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланишга қаратилган илмий ишланмаларни юқори баҳолаб, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, ёш тадқиқотчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда илмий натижаларни амалиётга жорий этиш борасидаги ишлар давлат томонидан доимий қўллаб-қувватланишини алоҳида таъкидлади.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.