Ёзёвон саноатлашмоқда
Ҳудуди, аҳоли сони, ялпи ички маҳсулот ҳажми ва яна бир қанча кўрсаткичлар бўйича Ёзёвон Фарғона вилоятининг энг кичик туманидир. Лекин сўнгги йилларда бу ерда саноатни ривожлантириш, хорижий инвестиция киритишга урғу берилмоқда. Бир ой муқаддам Ёзёвонда Марказий Осиёда ягона бўлган балиқ еми заводи ўз фаолиятини бошлаган эди. Ҳозир бу ерда 50 нафар ёшларга иш ўрни яратилди. У йилига 30 000 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Балиқчи фермерлар аллақачон унинг маҳсулотини сотиб олишмоқда.
– Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Си Цзинпин ўзаро ҳамкорликни олий мақомга олиб чиқдилар. Биз, хитойлик инвесторлар Ўзбекистонда яратилган шароит ва имкониятлардан самарали фйдаланиб, биргина Ёзёвон туманида учта йўналишдаги учта йирик ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этяпмиз, – дейди инвестор Jo Chang. – Электроавтобуслар заводи уларнинг биридир.
Ўзбекистондаги нефть ва газ захираларини келгуси авлодларга ҳам тежаб-тергаб қолдириш лозим. Бунинг учун нима қилиш керак? Авваломбор, муқобил энергия билан ишлайдиган ҳаракат воситалари маконини яратиш лозим. Бу электромобиллар, электробуслар ва электр қувватида ҳаракат қиладиган темир йўл тизимидир. Бугун Ёзёвонда шу йўлда яна бир амалий қадам ташланди. Бундан буён Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида электроавтобуслар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Мазкур лойиҳа Хитойнинг "Grеen Investment Group" компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
– Бугунги лойиҳа – бу шунчаки янги корхона қурилиши эмас. Бу – янги технология. Бу – янги инвестиция. Бу – янги иш ўринлари. Бу – янги экспорт бозорлари, – дейди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.
Халқона урфга кўра илоҳий оятлар ўқилиб, бунёдкорлик ишларига барака тиланди. Шундан сўнг келажак авлодга мактуб йўлланди ва янги завод пойдеворига дастлабки бетон аралашмаси қуйилди.

Хўш, электробус заводи Ёзёвонга яна нималар беради?
Ишлаб чиқариладиган электробусларни амалиётга жорий этиш натижасида ёқилғи ресурсларини сезиларли даражада тежаш, жумладан, йилига 13 миллион куб метр табиий газ ва 22 миллион литр дизель ёқилғисини иқтисод қилиш имконияти яратилади.
Корхона ишга тушиши натижасида 400 та янги иш ўрни очилади. Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати унинг экспорт салоҳиятидир. Корхона томонидан йилига 20 миллион АҚШ доллари миқдорида экспортни таъминлаш имконияти яратилади.

Ёзёвон вилоятнинг ривожланган ҳудудларидан бирига айланиш йўлидан астойдил бормоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VXupC38-DEc" title="Yozyovon sanoatlashmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА