Ўзбекистон ва Франция: Стратегик шерикликка оид декларация ижроси бўйича ҳамкорликда иш олиб борилади
Парламентлараро иттифоқнинг 153-ассамблеяси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Франция Сенати Раисининг ўринбосари, ПИ француз гуруҳи раҳбари Ксавье Иаковелли билан учрашув ўтказди.
Давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ва Самарқанддаги учрашувлар муносабатларни янги босқичга олиб чиққани таъкидланди.
Стратегик шериклик тўғрисидаги декларация соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва бошқа соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришга асос бўлаётгани, бу жараёнда парламентлараро мулоқот ва ўзаро ташрифлар муҳимлиги қайд этилди.
Т.Норбоева 2023 йилда Франция Сенати Раиси Жерар Ларше, парламентарийлар, ташқи ишлар идораси, Франция тараққиёт агентлиги, маданий мерос муассасалари ва ишбилармон доиралар, жумладан, Ротшильдлар оиласи вакиллари билан учрашувлар алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилганини таъкидлади.
Франция Миллий Ассамблеясининг Ўзбекистон билан дўстлик гуруҳи вакиллари ташрифлари амалий мулоқотнинг давоми бўлди. Сенаторлар Франция тараққиёт агентлиги кўмагидаги сув ресурсларини сақлаш лойиҳалари билан танишди.

Апрелда ўтказилган биринчи Франция - Марказий Осиё парламентлараро форуми ва унда Ўзбекистон ҳамда Қозоғистоннинг стратегик ҳамкорлар сифатида эътироф этилиши Франциянинг минтақага қизиқиши ортиб бораётганининг ифодаси экани, бундай форумларни мунтазам ўтказиш муҳимлиги билдирилди.
К.Иаковелли Тошкентда ўтган Парламентлараро иттифоқ 150-ассамблеясида иштирок этгани, тадбир юқори даражада ташкил этилганини эътироф этди.
Франция вакиллари самимий қабул қилингани, делегация аъзоларида Тошкент, Самарқанд ва Бухоронинг тарихий-маданий мероси катта таассурот қолдиргани, ҳамроҳлик қилган ёшларнинг француз тилида эркин мулоқоти ва Франция маданиятига қизиқиши мамнуният билан айтиб ўтилди.
Таълим соҳасида Ўзбекистон - Франция университети, ректорлар форуми ва университетлараро мулоқотнинг аҳамияти, ёшларнинг француз тилини ўрганиш ва Францияда таҳсил олишга қизиқиши ортиб бораётгани қайд этилди.
Франция вакилларининг саволларига жавобан, Афғонистонда ҳокимият алмашганидан кейин ҳам Ўзбекистон амалий ҳамкорликни давом эттиргани таъкидланди. Иқтисодий тикланишга кўмаклашиш, савдо ва транспорт алоқаларини ривожлантириш, трансчегаравий темир йўл лойиҳаларида иштирок этиш асосий йўналишлар сифатида кўрсатилди.
Термизда БМТ кўмагида гуманитар логистика маркази ва чегара ҳудудидаги савдо мажмуаси ташкил этилган. Ҳудуддаги тиббиёт марказида Афғонистон аҳолисига хизмат кўрсатилаётгани, Термиздаги таълим марказида афғонистонлик ёшлар, айниқса, қизлар учун касб ўрганиш имкониятлари яратилгани таъкидланди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликни давом эттириш, дўстлик гуруҳлари фаолиятини ривожлантириш, бу жараёнга ёшлар вакилларини ҳам жалб этишга келишиб олди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА