Ёшларни спортга жалб этишга қаратилган беллашув
Давлатимиз раҳбари раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга кўтариш, спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланишга қаратилган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди. Бу борада бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур вазифалардан келиб чиққан ҳолда Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли спорт мусобақалари ташкил этилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад — ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини ҳаётий қадрият сифатида шакллантириш ҳамда жамоавийлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳини мустаҳкамлашдан иборат.

Футбол, волейбол, шахмат, шашка спорт мусобақаларида ёшлар фаол иштирок этиб, ўз маҳорати, иродаси ва интилишларини намоён этди. Ҳар бир беллашув қизғин, муросасиз тарзда ўтди. Айниқса, жамоавий спорт турларида иштирокчилар ўртасида бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва ҳақиқий спорт руҳи яққол намоён бўлди. Интеллектуал ўйинларда эса ёшларнинг фикрлаш қобилияти, стратегик ёндашуви ва диққат-эътибори синовдан ўтказилди.

Бу каби спорт тадбирлари ёшларнинг жисмоний фаоллигини ошириб, спортга бўлган қизиқишларини янада орттиради.
М.Комилова,
ЎзА