Сайёҳлар хавфсизлиги — туризмнинг энг муҳим мезони
Жиззах вилоятида туризм салоҳиятини юксалтириш билан бир қаторда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Зеро, замонавий туризм инфратузилмаси фақат қулай шароитлар билан эмас, балки хавфсиз муҳит билан ҳам баҳоланади. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал-майро Ғайрат Қодиров воҳадаги туристик ва дам олиш масканларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Хусусан, Фориш туманида жойлашган “Баланд осмон” масъулияти чекланган жамияти ҳамда Шароф Рашидов туманидаги “Rancho tur” масъулияти чекланган жамиятига қарашли сайёҳлик масканларида туристлар учун яратилган шарт-шароитлар, видеокузатув тизимлари, хавфсизлик чоралари ва профилактик тадбирлар кўздан кечирилди. Масъуллар томонидан маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг хавфсиз, мазмунли ва мароқли дам олишини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Шунингдек, хизмат кўрсатиш маданиятини янада юксалтириш, хавфсизлик тизимларини такомиллаштириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни кучайтириш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Бугунги кунда мамлакатимизда туризм соҳасида хавфсизликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада Президентимизнинг 2021 йил 6 апрелдаги “Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида туризм инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳлар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Мутахассислар фикрича, сайёҳларни жалб қилиш учун табиат ёки тарихий обиданинг ўзи етарли эмас. Турист ўзини хавфсиз ҳис этган жойга яна қайтади, бошқаларга ҳам тавсия қилади. Акс ҳолда, энг гўзал маскан ҳам кутилган натижани бермаслиги мумкин. Жиззахда амалга оширилаётган бу каби ўрганишлар ва назорат тадбирлари нафақат жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, балки ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Чунки туризм ривожининг мустаҳкам пойдевори — бу хавфсизликдир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА