Ёшларни фақат демографик кўрсаткич сифатида баҳолаш тўғри эмас...
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пайшанба куни мамлакатимизда “Ёшлар куни” сифатида белгиланган эди. Шу муносабат билан идора ва ташкилотлар, муассасаларда ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилиниб, уларнинг фикрини эшитиш, янги ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқаришга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Адолат” СДП ташаббуси билан ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ҳам айни мақсадга қаратилиб, унда ёшларнинг орзу-интилишлари, ташаббуслари ва таклифлари тингланди.
Учрашувда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Озода Парпибоева, партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари ўринбосари Муҳаммаджон Валиев ҳамда фракция аъзолари, партия ходимлари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Мулоқот давомида сўз олганлар мамлакатимизда ёшлар сиёсатига оид ислоҳотлар, ёш авлоднинг жамият ва давлат бошқарувидаги ўрни ва иштирокини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, айни пайтда 1 миллион 422 мингдан ортиқ “Адолат” СДП аъзоларининг 562 мингга яқини, яъни 39,5 фоизини ёшлар ташкил этади. Бу рақамлар партия ҳаётида ёшларнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Ёшларни фақат демографик кўрсаткич сифатида баҳолаш эмас, балки уларнинг билими, салоҳияти, ғоя ва ташаббуслари мамлакат ривожида муҳим ўрин тутишини алоҳида эътироф этиш лозим.

Учрашув давомида ёшлар ҳам ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди. Ўз соҳа ва қизиқишларидан келиб чиқиб, масъулларга саволлар билан мурожаат қилди. Ёшларнинг ташаббуслари муҳокама қилиниб, уларни қийнаётган масалаларга эътибор қаратилди.
М.Комилова,
ЎзА