Ёшларга имтиёзли кредитлар ажратилади
Келажак – ёшлар қўлида. Шу боис, уларга қаратилаётган эътибор, айниқса, Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ёшларга доир сиёсат улар учун тенгсиз имкониятлар эшигини очмоқда десак, янглишмаймиз.
Ана шундай залворли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ўлароқ, “Тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали ёшлар бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.
2026 йил 1 июнда қабул қилинган қарорга кўра, АТ “Алоқабанк” томонидан “Ёшлар бизнеси” дастури доирасида 31 ёшга тўлмаганларга асосий қарздан 1 йилгача, фоиз тўловларидан 3 ойгача имтиёзли давр билан 7 йилгача кредитлар Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада ажратилади.
Суғурта полиси таъминоти ёки 3-шахс кафиллиги асосида 100 млн. сўмгача имтиёзли микроқарзларни қуйидаги лойиҳалар бўйича ажратиш кўзда тутилган:
– Ёшларнинг хорижий тил ва рақамли технологияларни ўрганиши ҳамда замонавий касб-ҳунарни эгаллаши бўйича ўқиш харажатларини молиялаштириш учун – 20 млн. сўмгача;
– Замонавий касблар, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар маркетинги, мобилография, фрилансерлик, интернет (онлайн) дўконлар ташкил этиш ва ўзини ўзи банд қилиш фаолият турига мос лойиҳалар учун – 50 млн. сўмгача;
– Касаначилик, тўқимачилик маҳсулотларини тайёрлаш, тикувчилик ва бошқа маҳсулотларни иккиламчи қайта ишлаш ва (ёки) сотиш, улардан янги маҳсулотлар тайёрлаш лойиҳалари учун – 50 млн. сўмгача;
– Новвойчилик ва ширинликлар тайёрлаш ҳамда сотиш лойиҳаларига – 100 млн. сўмгача.
Таъбир жоиз бўлса, бундай имкониятларга лаббай деб жавоб бермасликнинг ўзи имконсиз. Негаки, бундан кўзланган мақсад юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигидир.
Шербек Исломов,
ЎзА