Ёшлар “Ватанпарварлар” боғи билан танишди
Пайшанба – Ёшлар куни муносабати билан Термиз шаҳридаги “Ватанпарварлар” боғида ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ўтказилди.
Тадбирда Термиз шаҳридаги 17 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил-қизлар, шунингдек, “оғир” тоифадаги ва пробация ҳисобида турувчи ёшлар боғ билан яқиндан танишиб, бу ерда кўргазмага қўйилган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни кўздан кечирди.


Фестивалда Термиз шаҳар ИИБ бошлиғи М.Болтаев ва соҳавий хизматлар раҳбарлари “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида барпо этилган “Ватанпарварлар” боғининг ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берди. Ёшларнинг Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳини юксалтириш учун боғда яратилган шароитлар билан таништирди. Қуролли Кучлар тарихи, ҳарбий касбнинг аҳамияти тўғрисида фикр алмашилди. Жанговар шайлик бўйича амалий кўргазмали машғулотлар намойиш этилди.


Сурхондарё вилоятида марказида 3,8 гектар майдонда барпо этилган ҳарбий-ватанпарварлик боғи ёшларнинг қизиқиш ва интилишлари эътиборга олинган ҳолда ватанпарварлик, спорт, маданий ҳордиқ ва маънавий озуқа ҳудудларига ажратилган. Боғ ҳудудида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намойиши майдони, ҳарбийлаштирилган тўсиқлар йўлаги, “Мардлар йўлаги”, “Воркаут” спорт майдончаси ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ўттизга яқин ҳарбий хизматчи хотирасига бағишланган “Қаҳрамонлар номи барҳаёт” хотира бурчаги ташкил этилган.


Фестиваль ёшларнинг ҳарбий соҳага интилишини кучайтириб, бўш вақтини сермазмун ўтказиши ва уларнинг ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилгани билан иштирокчиларда бой таассурот уйғотди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири