Сенат Раиси: Осиё форуми – глобал чақириқларга қарши курашишда аёллар бирдамлигининг ёрқин ифодаси
Осиё хотин-қизларининг II форуми давом этмоқда. Форумда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳар қандай зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистонда хотин-қизлар зўравонлигининг олдини олишга қаратилган қонунчилик тубдан такомиллаштирилди. Оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан жамиятда муросасиз муносабат шаклланмоқда.
Бундай ижобий натижалар аёллар ва болалар саломатлигини тубдан яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аёллар бандлигига кўмаклашиш, рақамли инклюзивликни кенгайтириш, оила институтини мустаҳкамлаш, экологик барқарорлик ва инсон капиталини ривожлантириш каби қатор муҳим соҳаларда яққол намоён бўлмоқда.

– Самарқандда ўтказилган биринчи форум бундай мулоқот майдонига қанчалик катта эҳтиёж борлигини кўрсатди ва халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланди, – деди Т.Норбоева. – Бугун эса биз бу майдонни доимий платформага айлантириш йўлида сиз билан биргаликда муҳим қадам ташламоқдамиз. Биз ушбу Осиё хотин-қизлар форуми орқали нималарга эришмоқчимиз? Бугун ҳеч бир давлат хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтирмасдан туриб барқарор тараққиётга эриша олмайди. Шу боис, мазкур платформа нафақат мулоқот, балки умумий ёндашувлар, амалий ҳамкорлик ва қўшма ташаббусларни шакллантириш майдонига айланиши керак, деб ҳисоблаймиз.
Бу форум – илғор тажриба ва энг яхши амалиётларни ўзаро ўрганиш платформаси. Умумий қадриятлар ва миллий анъаналарни инобатга олган ҳолда, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш, уларни ҳаётга жорий этиш бўйича самарали механизм ва таъсирчан чоралар юзасидан тажрибалардан кенгроқ фойдаланилади. Ушбу форум – хотин-қизлар ҳамкорлигининг янги йўналишларини шакллантириш ва ривожлантириш учун муҳим имконият майдони.
Эндиликда фақат муаммоларни муҳокама қилиш билан чекланиб қолмасдан, таълим, тадбиркорлик, инновациялар, сунъий интеллект ва бандлик соҳаларида қўшма дастур ва аниқ амалий лойиҳалар йўлга қўйилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА