Ёшлар ташаббуси ва салоҳиятига таянган тараққиёт
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти тизимида фаолият юритаётган ёш мутахассислар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тошкент шаҳридаги “Заковат арена”да ўтказилган ушбу тадбир мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, уларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодаси бўлди. Унда республиканинг турли ҳудудларидан келган фаол, ташаббускор ҳамда соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган ёш ходимлар иштирок этди.
Тадбир аввалида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ раҳбарияти йиғилганларни 30 июнь – Ёшлар куни билан самимий муборакбод этди. Сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидлаб, жамият тизимида ҳам иқтидорли ва билимли ёш кадрларни тарбиялаш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш, ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда келгусида раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.
Очиқ ва самимий мулоқот руҳида кечган учрашув ёшларга ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббусларини эркин билдириш имконини яратди. Иштирокчилар соҳани янада такомиллаштириш, хизматлар сифатини ошириш ва замонавий ёндашувларни кенг жорий этишга доир таклифларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан батафсил жавоб олди.
Тадбир доирасида ходимлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ҳам ташкил этилди. Қизғин ва муросасиз кечган беллашув ёшларнинг билим салоҳияти, таҳлилий фикрлаш қобилияти ва жамоада ишлаш кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Байрам дастурининг давоми сифатида иштирокчилар учун Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказига маърифий саёҳат уюштирилди. Марказда сақланаётган ноёб қўлёзмалар, тарихий манбалар ҳамда юртимиз цивилизацияси ва илм-фан тараққиётига оид экспонатлар билан яқиндан танишиш ёшларда халқимизнинг бой маънавий мероси ва миллий қадриятларига нисбатан ҳурмат ва ифтихор туйғусини янада кучайтирди.
Таъкидланганидек, бундай маърифий ташрифлар ёш авлоднинг тарихий хотирасини мустаҳкамлаш, маънавий дунёқарашини бойитиш ва Ватан тараққиётига дахлдорлик ҳиссини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА