Ёшлар муаммолари ҳал этилди
Мамлакатимизда ёшлар сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, йигит-қизларнинг муаммоларини тинглаш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимли тус олди. Хусусан, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Ёшлар куни» доирасида пойтахтимизда бир нечта очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Хусусан, Яккасарой туманида ўтказилган бу галги учрашув оддий қабул эмас, муаммоларни жойида ҳал этишга қаратилган амалий мулоқот бўлди.

Мулоқот давомида 9 та мурожаат жойида ҳал этилди ва ️4 та мурожаат қўшимча ўрганишга йўналтирилди. Тадбиркорликни бошлаш истагидаги ёшга кредит олиш бўйича амалий кўмак кўрсатилди. Мулоқот давомида ёшларнинг иш билан таъминланиши, тадбиркорлик фаолиятини бошлаши, касб-ҳунар эгаллаши ва ўз лойиҳаларини амалга ошириши билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Мирзо Улуғбек тумани Ёшлар ишлари бўлими ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувда олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган, касб-ҳунар эгаллаш ва муносиб иш топишда қийинчиликларга дуч келаётган ёшларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бектемир туманида бўлиб ўтган навбатдаги учрашувда туман ҳокими хорижий мамлакатларда меҳнат қилаётган ҳамда турли йўналишларда таълим олаётган ёшлар билан онлайн мулоқот ўтказди. Очиқ ва самимий суҳбат давомида ёшларнинг хорижда меҳнат қилиши ва таълим олиши билан боғлиқ масалалар, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда муносиб меҳнат шароитларини яратиш юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, таклиф ва ташаббусларини билдирди. Ҳар бир мурожаат тингланиб, уларни ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгиланди.
Шунингдек, Яшнобод тумани ИИО ФМБ бошлиғининг пробация назоратидаги, профилактик ҳисобдаги ҳамда уюшмаган ёшлар билан учрашуви ўтказилди.

Учрашувда ёшларнинг муаммолари ўрганилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт тўгаракларига жалб қилиш ва ижтимоий мослашувини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ёшларга қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, меҳнатга ҳалол ёндашиш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаш бўйича тушунтиришлар берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА