Талабалар иссиқ ва қулай турар жойларга жойлаштирилди
Тошкент давлат техника университети талабалари бошқа ётоқхоналар ва ижара хонадонларига жойлаштирилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова бошчилигидаги ишчи гуруҳ талабалар ётоқхонасига бориб, мавжуд вазиятни жойида ўрганди.
Ўрганиш жараёнида тадбиркор, тегишли масъуллар, прокуратура ходимлари ҳамда Тошкент давлат техника университети раҳбарияти иштирок этиб, ҳолат юзасидан зарур чоралар белгиланди.

Аниқланишича, Талабалар шаҳарчасида давлат-хусусий шериклик асосида қурилган мазкур талабалар турар жойи ҳали расман фойдаланишга топширилмаган. Объектнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган, фойдаланиш учун зарур рухсатлар олинмаган.
Шунингдек, иссиқ сув ва иситиш тизимлари ҳали уланмаган, ёнғин хавфсизлиги бўйича ҳам объект амалдаги талабларга жавоб бермайди. Шу сабабли талабалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар мазкур объектдан чиқарилиб, университетнинг мавжуд талабалар турар жойлари ҳамда ижара хонадонларига тўлиқ жойлаштирилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, мазкур объектга аввал жойлаштирилган талабалардан ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан 3 кун муддатда тўлиқ қайтариб берилади. Айни пайтда объектнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва фойдаланиш учун зарур рухсатларни олиш бўйича ишлар давом этмоқда.
Ҳолат бўйича барча жиҳатлар ўрганилиб, талабаларнинг хавфсизлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Г.Бобоева,ЎзА