Ёшлар билан очиқ мулоқот
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳамда Фармацевтика техник университети, Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти вакиллари иштирокида агентликнинг ёш ходимлари, университет талабалари ва ёзги мактаб тингловчилари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда ёшлар мамлакат тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи эканини таъкидлаб, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларининг келажаги билимли, ташаббускор ва рақобатбардош ёш кадрлар билан боғлиқлиги қайд этилди.
Шунингдек, ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бири экани билдирилди. Очиқ мулоқот давомида иштирокчиларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланиб, уларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Алишер Саъдуллаев ёшларнинг инновацион ғоялари ва истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга ҳар томонлама кўмак берилишини таъкидлади.
Тадбир якунида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Фармацевтика техник университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Қайд этилганидек, мазкур мулоқот ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт ва фармацевтика соҳалари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА