Миллий ғурур ва ҳамжиҳатлик ғояларини намоён этган тадбир
Сардоба туманида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Мустақиллик тўйи” фестивали доирасида “Мустақиллик марши” юқори савия ва кўтаринки руҳда ўтказилди. “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ташкил этилган тадбир юртга муҳаббат, миллий ғурур ва ҳамжиҳатлик ғояларини яна бир бор намоён этди.
Маршда таниқли санъаткорлар, “Маърифат тарғиботчилари” гуруҳи вакиллари, туман ҳокимлиги масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ёшлар, спортчилар, таълим муассасалари жамоалари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Тадбир давомида мустақиллик йилларида мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўли, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган бунёдкорлик ишлари хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.


Фестиваль доирасидаги тадбирлар Сардоба тумани маданият марказида давом этди. Бу ерда ташкил этилган кўргазмаларда халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари, ҳунармандчилик анъаналари ва амалий санъат намуналари намойиш этилди. Миллий меросимизнинг бетакрор жиҳатларини акс эттирувчи экспонатлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.


Шунингдек, Ахборот-кутубхона марказида ташкил этилган китоблар кўргазмаси ҳам фестиваль иштирокчилари диққат марказида бўлди. Унда мустақиллик йилларида мамлакатимиз тараққиёти, Янги Ўзбекистон бунёдкорлиги, миллий давлатчилик тарихи ва буюк аждодларимиз ҳаётига бағишланган адабиётлар намойиш этилди.


Маданият марказида ташкил этилган маънавий-маърифий учрашув тадбирнинг энг муҳим қисмларидан бири бўлди. Таниқли санъаткорлар ва “Маърифат тарғиботчилари” иштирокида ўтказилган мулоқотда мустақилликнинг бебаҳо неъмати, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётида фуқароларнинг фаол иштироки масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир давомида ижро этилган Ватан, тинчлик ва эзгуликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади. Самимий мулоқот руҳида кечган учрашув иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш ва санъат ҳамда маърифат аҳли билан фикр алмашиш имконини яратди.


Фестиваль доирасида китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган муҳим ташаббус ҳам амалга оширилди. Хусусан, Сардоба тумани ҳокимлиги томонидан Ахборот-кутубхона маркази фондини бойитиш мақсадида умумий қиймати 20 миллион сўмлик 251 номдаги 668 нусха бадиий адабиёт харид қилиниб, кутубхонага тантанали равишда топширилди.


— Бугунги тадбирлар мустақиллигимизнинг қадри ва аҳамиятини янада теран англаш, аҳоли, айниқса ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва миллий ғурур туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Маърифат, санъат ва китобхонликни уйғунлаштирган бундай ташаббуслар жамиятимиз маънавий юксалишининг муҳим омилидир, — дейди туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Зубайда Аҳмедова.
Сардобада ўтказилган “Мустақиллик марши” ва унинг доирасидаги маънавий-маърифий тадбирлар мустақиллик ғояларини кенг тарғиб қилиш, миллий қадриятларга ҳурматни кучайтириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ва жамиятда бирлик ҳамда ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди.


Энг муҳими, мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Мустақиллик тўйи” фестивали доирасидаги тадбирлар нафақат Сардоба туманида, балки Сирдарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ҳам кўтаринки руҳ, юксак ташкилий савия ва кенг жамоатчилик иштироки билан ўтказилмоқда. Бу эса халқимизнинг мустақиллик ғояларига садоқати, Ватан тараққиётига дахлдорлик ҳисси ва эртанги кунга бўлган ишончининг ёрқин ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири