Ёшлар билан мулоқот – тараққиёт гарови
Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва истиқболли ташаббусларини рўёбга чиқаришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, 3-сон техникумда “Пайшанба – ёшлар куни” муносабати билан ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ана шундай амалий тадбирлардан бири бўлди.
Мазкур учрашув ёшлар билан очиқ мулоқот ўрнатиш, уларни қийнаётган масалаларни тинглаш ҳамда таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши раиси Назира Тоғаева иштирок этиб, ёшлар билан самимий ва очиқ суҳбат олиб борди.

Мулоқот давомида ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтираётган саволлар, мавжуд муаммолар ҳамда келгусида амалга оширишни режалаштираётган ғояларини эркин баён этди.
Айни пайтда техникумда 341 нафар ўқувчи 9 та йўналиш бўйича касб сирларини ўрганмоқда. Шунингдек, ҳудуддаги маҳаллалар ва қўшни вилоятлардан жалб этилган 131 нафар ўқувчи дуал таълим тизими асосида иш берувчи корхоналар билан ҳамкорликда таҳсил олмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, техникумда касбга ўқитиш амалиёт билан узвий боғланган. Вилоятдаги йирик саноат корхоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ўқувчилар учун кенг имкониятлар яратилган. Жумладан, “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Навоийазот” ҳамда “Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖ каби корхоналар билан ҳамкорликда ёшлар муайян касбларга мақсадли тайёрланмоқда. Ушбу корхоналар техникум ҳудудида ўз бўлимларини ташкил этгани эса таълим самарадорлигини янада оширмоқда. Энг муҳими, ўқувчилар ўқиш билан бирга ишлаб, ўз меҳнати учун ҳақ олиш имкониятига эга.
Бундан ташқари, техникумда дурадгорлик устахоналари, ногиронлиги бўлган шахслар учун миллий ҳунармандчиликка ўргатувчи курслар, шунингдек, ветеринария ва чорвачилик соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш марказлари фаолият юритмоқда.

– Учрашувда техникумимизда спорт кунларини ташкил этиш юзасидан таклиф билдирдим, – дейди Афруза Исматова. – Таклифим Федерациянинг Навоий вилояти Кенгаши раиси Назира Тоғаева томонидан қўллаб-қувватланди. Шунингдек, спорт кунлари ташкил этиладиган мусобақаларда фаол ўқувчиларни рағбатлантириши, юртимизнинг турли тарихий шаҳарларига ўқувчилар учун бепул саёҳатлар уюштирилиши ҳам айтиб ўтилди. Албатта, бугун юртимизда ёшлар учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Биз улардан оқилона фойдаланган ҳолда билим олишимиз, касб-ҳунар сирларини мукаммал эгаллашимиз талаб этилади, холос. Бугунги учрашув ҳам ана шундай имкониятлардан биридир, десам янглишмайман.
Учрашув очиқлик ва ўзаро ишонч руҳида ўтди. Унда ёшларнинг ғоя ва ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, уларнинг муаммоларини тизимли ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири