Жасоратли Нодира
Шаҳрихон азал-азалдан ҳунармандлар, тадбиркорлар юрти, деб эътироф этилади. Айниқса, туманда ҳунармандчиликнинг пичоқчилик, тикувчилик, дўппидўзлик, каштачилик, миллий тўн тикиш сингари қатор йўналишларида ўзига хос тажриба мактаби яратилган.
Туманнинг Андижонлик маҳалласида яшовчи Нодирахон Худойбердиева хонадонида бўлиб, у тайёрлаган тикувчилик маҳсулотлари – элита пардалар, аёллар либосларини кўрганлар шубҳасиз, инсоннинг қўли гул эканлигига яна бир бор гувоҳ бўлади. У 1-гуруҳ ногирони бўлса-да, ранг-баранг ва бежирим маҳсулотлар тикаётган бу ҳунарманд қизнинг сабр-бардоши, матонати, интилиши, изланиши ва маҳоратига таҳсин айтасиз.
Нодира тўртинчи авлод сулоланинг вакили. Онаси Лутфихон аяни моҳир чевар, тўнчи сифатида туманда кўпчилик яхши танийди. Меҳнат фаолияти давомида жуда кўп шогирдлар тайёрлаган. Кўп йиллар давомида у тайёрлаган миллий тўнлар сифати, бежиримлиги билан Шаҳрихон бозорининг энг олди, энг харидоргир тўнларидан бўлган.
Тақдирни қарангки, унинг ёлғиз қизи Нодира ногирон бўлиб ўсди. Болалигидан чеварлик, тўн тайёрлаш ишларида онасига қарашиб ўсган қиз ҳунарни анчагина ўрганиб олган бўлса-да, лекин иш қилишга, бирор нарсани мустақил тикишга бироз қийналар эди. Яратганнинг иноятими, у ўрта мактабни тамомлагандан бир неча йил ўтиб, 2007 йилда туман марказидаги “Ҳамширалик” курсида ўқиди. Кейинроқ эса ана шу марказда элита пардалар тикиш курсини ҳам тамомлади.
[gallery-28686]
– Ўша пайтларда жуда қийналганман, – дейди Нодира Худойбердиева. – Қийналган кунларимда курс машғулотларига онам олиб борарди. Қанчалик машаққатли бўлмасин, устозлардан элита парда тикишнинг сирларини пухта ўрганишга ҳаракат қилдим. Айниқса, устозим Дилфузахон Муҳиддинова эринмасдан, ҳеч оғир олмасдан менга жуда кўп нарсаларни ўргатди. Ўша йиллари дадам ўзимга алоҳида замонавий тикув машинаси олиб берди. Курсдан қайтиб, тун яримигача тикишни машқ қилардим. Ўз олдимга моҳир тикувчи бўлишим керак, деган мақсадни қўйиб, қийинчиликларга қарамай астойдил ҳаракат қилдим. Интилишим, изланишим бекор кетмади, бугун яхшигина чеварга айландим. Тикувилик, жисмоний меҳнат билан доимий шуғулланганим боис, саломатлигим ҳам анча яхшиланди.
Шу тариқа Нодира онасининг, устозларининг дуоси билан мустақил иш бошлади. Дастлаб буюртмалар у қадар кўп бўлмади. Лекин ишини пухта бажарадиган, тайёрлаётган пардаларининг сифатига, бежиримлигига, ўзига хос кўринишига алоҳида эътибор қаратган тикувчи қизнинг харидорлари, доимий мижозлари тобора кўпайиб борди. Кўп ўтмай яхшигина даромад топиб, оиласига, ота-онасига кўмак берадиган бўлди.
Нодирахон бир неча йилдирки, маҳалласи ва қўшни маҳаллалардаги чеварликка қизиқадиган қизларини шогирдликка олиб, уларга ўз ҳунарини ўргатиб келмоқда. Ҳозирга қадар 50 нафардан ортиқ қиз унинг сабоғини олиб, тикувчиликни ўрганган. Бугунги кунда шогирдларининг кўпчилиги ўз хонадонида тикувчилик билан мустақил шуғулланмоқда.
– Маҳалламизда 85 нафар ногирон истиқомат қилади. Уларнинг барчасига зарур ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, Нодирахон Худойбердиевага ҳам субсидия асосида иккита тикув машинаси берилган, – дейди “Андижонлик” маҳалла фуқаролар йиғини ижтимоий ходими Сарвиноз Давронова.
Бугун ўз хонадонида 4 та тикув машинаси, ўнлаб шогирдлари билан иш олиб бораётган ҳунарманднинг қўли-қўлига тегмайди. Буюртмаларни ўз вақтида, сифатли бажариш учун астойдил меҳнат қилмоқда.
Халқимизда интилганга толе ёр деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган. Оддий бир оилада ўсган, жисмоний имконияти чекланган қиз интилиши, сабр-матонати билан жуда кўп нарсаларга эришди, нафақат ўзига, оиласига, балки одамларга фойдаси тегмоқда.
Тикувчилик ҳунарини улуғлаб, самарали иш олиб бораётган, кўплаб шогирдлар тайёрлаётган Нодира Худойбердиеванинг ҳаёт йўли кўплар учун ибрат мактабидир. Қолаверса, унинг меҳнатлари, интилишлари эътироф этилиб, ўтган йили у Мустақиллик байрами арафасида Президентимиз фармони билан “Жасорат” медали билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.