Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича амалий семинар ўтказилди
Қашқадарё вилояти Косон туманида ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва маҳаллаларда даромадли йўналишларни ривожлантириш мақсадида балиқчилик ҳамда чорвачилик соҳаларига бағишланган амалий семинар ташкил этилди.
Тадбир доирасида тумандаги Обод маҳалласида 16 нафар ёш учун балиқчилик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича амалий ишлар бажарилди. Ёшларнинг маблағлари ва ҳомийлар кўмагида 16 та сунъий ҳовуз барпо қилиниб, имтиёзли кредитлар асосида уларга жами 2 минг дона балиқ чавоқлари ташланди. Режага кўра, иштирокчилар олти ойда 69 миллион сўм даромад олишни мақсад қилган.
[gallery-29529]
Шунингдек, Майдаёбу маҳалласида ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича эътиборли тажриба шаклланган. 2022-2024 йилларда ёшларга 55 гектар ер майдони ажратилиб, қуёш панеллари ва сув чиқариш тизимлари йўлга қўйилди. Натижада дастлаб 20 бош қўзи билан бошланган чорвачилик фаолияти бугунги кунда 195 бош қўчқорга етказилди ва йиллик даромад 800 миллион сўмдан ошди.
Мазкур тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ташкил этилган семинарда вилоят ва туман мутасаддилари, ёшлар етакчилари, тадбиркорлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида балиқчилик ва чорвачиликни ривожлантириш, ёшлар бандлигини таъминлашда маҳалла имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича тақдимотлар ўтказилди. Якунда ушбу тажрибаларни ҳудудларда кенг жорий этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари