Судьялар олий кенгашида очиқлик қандай таъминланган?
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси мажлисида “Очиқлик индекси” бўйича Судьялар олий кенгашининг ахбороти эшитилди.
Қайд этилганидек, ушбу индекс бўйича 2025 йилда 97 давлат органи ва ташкилот фаолияти баҳоланган бўлиб, умумий натижаларга кўра 66 ташкилот “яшил” (2024 йилда 50 та), 22 таси “сариқ” (35 та) ва 9 таси “қизил” (13 та) тоифа деб топилган.
2022 йилга нисбатан “яшил” тоифадаги идоралар сони 3,5 баробарга ошгани мамлакатимизда очиқликни таъминлаш соҳасидаги изчил ислоҳотларнинг самарасини яққол кўрсатади.

Судьялар олий кенгаши 2025 йилда 48,75 балл тўплаб, "қизил" тоифага кириб қолгани учун кенгашнинг очиқликни таъминлашга оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларга риоя этиши юзасидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди.
Муҳокама давомида Судьялар олий кенгаши фаолиятида эришилган ижобий натижалар билан бирга очиқликни таъминлаш соҳасида ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилди.
Сенаторлар Судьялар олий кенгашига келгуси фаолиятини яхшилаш мақсадида ўз тавсияларини берди. Мажлис якунида тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА