Ёш спортчилар “Орзулар паради”да саф тортди
Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ўқувчилари, ходимлари ва фахрийлар иштирокида “Орзулар паради” ўтказилди.
Параднинг очилиш маросимида марказ директори Аброр Мамадалиев ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур марказ мамлакатимиздаги спорт масканлари орасида алоҳида ўринга эга эканини таъкидлади. Марказ ўзининг узоқ йиллик фаолияти мобайнида кўплаб чемпионларни тарбиялаб, катта спорт оламига етаклаган. Ҳозирда эса ёш иқтидор эгалари учун замонавий шароитлар яратилиб, уларнинг катта спортга қадам қўйишида муҳим ўрин тутиши ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт бўлимлари жамоаси “Орзулар паради”ни бошлади. Жамоалар марказдаги стадион узра мардонавор чиқиш қилди ҳамда майдон узра саф тортди.
Шу ўринда, Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази фаолияти ҳақида тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Марказда бугунги кунда 114 нафар мураббий фаолият юритмоқда. Уларнинг 55 нафари олий тоифали, 40 нафари биринчи тоифали, 17 нафари иккинчи тоифали мутахассислар ҳисобланади. Шунингдек, 10 нафар мураббий Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози унвонига эга.
Таълим жараёнига 30 нафар педагог жалб қилинган бўлиб, уларнинг 3 нафари олий тоифали ўқитувчи, 7 нафари етакчи ўқитувчи, 13 нафари иккинчи тоифали ўқитувчи ҳамда 7 нафари олий маълумотли мутахассис ўқитувчилардан иборат.
Спорт турлари бўйича эришилган натижалар ҳам эътиборга молик. Велоспорт бўлимида таҳсил олаётган 27 нафар спортчининг 25 нафари миллий терма жамоа аъзоси бўлиб, улар республика мусобақаларида 56 та олтин, 30 та кумуш ва 30 та бронза медалини қўлга киритган.
Сузиш бўлими йилнинг энг юқори кўрсаткичларидан бирини қайд этиб, 80 та олтин, 98 та кумуш ва 53 та бронза медалига сазовор бўлди. Эркин курашчилар 30 та олтин, 15 та кумуш ва 21 та бронза, енгил атлетикачилар эса 27 та олтин, 21 та кумуш ва 22 та бронза медалини қўлга киритди.
Шунингдек, академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэ бўлими спортчилари 27 та олтин, 26 та кумуш ва 18 та бронза медалига эга чиққан бўлса, футболчилар 38 та олтин медаль билан мавсумни якунлади.
Параспорт йўналишида ҳам салмоқли натижалар қайд этилди. 49 нафар спортчининг 34 нафари миллий терма жамоа аъзоси бўлиб, улар республика мусобақаларида 30 та олтин, 14 та кумуш ва 17 та бронза медалини қўлга киритди.
Бокс, дзюдо, таэквондо, карате, оғир атлетика, юнон-рум кураши, қиличбозлик, камондан отиш, гандбол, миллий кураш, спорт гимнастикаси ва батут спорти бўлимлари спортчилари ҳам республика мусобақаларида муносиб иштирок этиб, кўплаб медалларга сазовор бўлишди.
Шу билан бирга, ихтисослаштирилган спорт мактаблари ҳам юқори натижаларни намоён этмоқда. Гимнастика бўйича ихтисослаштирилган республика болалар-ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактаби тарбияланувчилари мамлакат чемпионатлари ва кубокларида 47 та, жаҳон ҳамда Осиё чемпионатларида эса 9 та медални қўлга киритди.
Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактаби спортчилари республика мусобақаларида 32 та, Осиё чемпионатида эса 13 та медалга сазовор бўлди. Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати тарбияланувчилари эса Осиё чемпионатида 20 та медални қўлга киритиб, халқаро турнирлар ҳамда мамлакат чемпионатлари ва кубок баҳсларида жами 371 та медалга эга чиқди.
Ушбу кўрсаткичлар спорт таълими муассасаларида иқтидорли ёшларни саралаш, уларни юқори савияда тайёрлаш ва миллий терма жамоалар захирасини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётганини кўрсатади.
[gallery-29931]
“Орзулар паради” маросими сўнгида турли йўналишларда энг яхшилар муносиб тақдирланди ҳамда юлдузлар иштирокидаги концерт дастури бўлиб ўтди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА