Ёш шахматчиларимиз Италияда жаҳон чемпионатида қатнашмоқда
Италиянинг Монтесильвано шаҳрида шахмат бўйича 14, 16 ва 18 ёшгача бўлган ўғил ва қизлар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати бошланди.
Дунёнинг 84 та давлатидан 800 нафардан зиёд энг кучли ёш иқтидор эгалари иштирок этаётган мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг 9 нафар аъзоси ўз ёш тоифаларида баҳс олиб бормоқда.
Мусобақа низомига мувофиқ, 11 та турдан иборат бўлган чемпионат швейцарча тизимда ташкил этилади.

Кеча жаҳон чемпионатининг 1-тур ўйинларида терма жамоамиз аъзоларидан Лазизабону Комилжонова, Сарвиноз Бекмуратова, Нилуфархон Имомқўзиева, Мумтозбегим Мансурова рақибларини таслим этган бўлса, Акобирхон Саидалиев, Рауф Қосимов, Саъдулло Азизов, Гавҳар Эркинова дуранг натижа қайд этди. Руқия Олимова эса илк турда имкониятни бой берди.

Умумий мукофот жамғармаси 20 минг евродан иборат турнир мусобақалари 26 июнга қадар давом этади.
Бугун, 16 июнь куни жаҳон чемпионатининг 2-тур ўйинлари ҳамда мусобақа доирасида ҳар бир ёш тоифасида шахмат жумбоқларини ечиш бўйича баҳслар ўтказилади.
Т. Рўзиев,
ЎзА