Душанбедаги халқаро турнирда ўзбекистонлик атлетлар 8 та медалга сазовор бўлди
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Олимпия чемпионлари Андрей Абдувалиев ва Дилшод Назаров соврини учун III Халқаро турнир бўлиб ўтди. Мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, 5 та олтин ва 3 та кумуш медални қўлга киритди.
Аёллар ўртасида 400 метрга югуриш баҳсларида ёпиқ иншоотлар бўйича Осиё чемпиони Жонбиби Ҳукмова 52,87 сония натижа билан олтин медалга сазовор бўлди.
Босқон улоқтириш баҳсларида ҳам ўзбекистонлик спортчилар юқори натижа қайд этди. Зарина Носиржонова 61,60 метр натижа билан биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Элина Силямиева 56,20 метр кўрсаткич билан кумуш медални қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида диск улоқтириш баҳсида Дунёзод Сайфуллоев, аёллар ўртасидаги шу йўналишда Юлианна Шукина олтин медалга эга чиқди.
100 метрга югуриш баҳсларида Лайло Аллаберганова 11,83 сония натижа билан маррани биринчи бўлиб кесиб ўтди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Эркаклар ўртасида мазкур масофада қатнашган Султон Ғафуржонов 10,60 сония натижа билан иккинчи ўринни эгаллади. 400 метрга югуриш бўйича эркаклар ўртасидаги беллашувларда эса Ҳасанбек Рустамжонов 48,55 сония натижа кўрсатиб, кумуш медалга сазовор бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА