Ёш иқтидорлар — ўзбек стол теннисининг келажаги
Пойтахтимизда стол тенниси бўйича 11 ёшгача бўлган ўғил ва қизлар ўртасида ўтаётган Ўзбекистон биринчилиги ўзининг юқори нуқтасига яқинлашмоқда.
Шиддатли баҳслар ва ҳаяжонли дамларга бой тарзда кечаётган мамлакат биринчилигининг бу галги мусобақаларида мамлакатимизнинг 14 та ҳудудидан 132 нафар ўғил ва қиз спортчи яккалик, жуфтлик, аралаш жуфтлик ўйинларида рақобатлашмоқда.

Кеча ўғил ва қизлар мусобақасининг яккалик баҳсларида ғолиб ва совриндорлар номи аниқланди.
Ўғил болалар ўртасидаги қизиқарли ўйинларда ўз иқтидорини намойиш этган Амир Шереев саралаш, ярим финал ўйинларини муваффақиятли ўтказди. У деярли барча рақибларини 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Чемпионлик учун кечган финал ўйинида Элбек Нурбоевдан 3:1 кўринишида устун келди ва ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Ўз навбатида Э.Нурбоев 2-ўринни эгаллади.

3-ўрин учун кечган 6 та турдан иборат учрашувлар якунида Виктор Павлов ва Анвар Орифхонов бронза медалларига эга чиқди. Бундан ташқари, кейинги поғоналарни банд этадиган кичик ракетка усталари номи аниқланди.

Қиз болалар мусобақасида Нафисахон Орифхонова 11 ёшлилар ўртасида Ўзбекистон чемпиони, деган шарафли номни қўлга киритган бўлса, 2-ўрин Диёра Одиловага тегишли бўлди. 3-ўринлардан Айдана Камалова ҳамда Сухайло Салимова жой олди.

Эртанги кун чемпионларини тайёрлашга қаратилган мамлакат биринчилиги мусобақалари 6 июнга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА