Шахматчи қизларимиз Осиё чемпионатида пешқадам
Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ўтаётган Осиё чемпионатининг 7-тур ўйинлари остонасида ҳамюртларимиз Афруза Ҳамдамова 5,5 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, Нилуфархон Имомқўзиева 5 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди.
Кеча ўтказилган 5-тур баҳсида Ҳамдамова қора доналарда терма жамоамиз аъзоси Гулруҳбегим Тоҳиржоновадан устунликка эришди. Н.Имомқўзиева эса мазкур турда мўғулистонлик Батхуяг Мунгунтуулни таслим этди.

Эркаклар мусобақасининг 6-турида ҳамюртимиз Абдумалик Абдусалимов қора доналарда вьетнамлик Тран Гиан Пхус Пхам билан муроса йўлини танлаган бўлса, Ортиқ Ниғматов ва Саидакбар Саидалиев ҳам рақиблари билан дурангга эришди. Ҳумоюн Бекмуратов эса оқ доналарда имкониятни бой бериб қўйди.

Бугун, 4 июнь куни ўтказиладиган 7-тур мусобақасида турнир жадвалида 4,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 143 нафар иштирокчи орасида 9-ўринда бораётган Абдумалик Абдусалимов оқ доналарда мўғулистонлик Уюртсаих Агибилег билан куч синашади.

Аёллар мусобақасида иштирок этаётган Афруза Ҳамдамова 7-турда оқ доналарда ҳиндистонлик Рави Ракшитта билан, Н.Имомқўзиева қора доналарда яна бир ҳинд шахматчиси Савитха Шри билан, Г.Тоҳиржонова ҳам қора доналарда ҳиндистонлик Агравал Вантика билан рўбарў келади.

Мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларидан иборат чемпионатнинг сўнгги 9-тур ўйинлари 6 июнь куни бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА