Ёш дзюдочиларимиз Туркияда шоҳсупага кўтарилди
Туркиянинг Истанбул шаҳри мезбонлик қилган дзюдо бўйича “Istanbul Junior European Cup – 2026” халқаро турнири ўз якунига етди.
Унда 27 давлатдан 500 нафардан зиёд ёш дзюдочилар қатори Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам муносиб натижа қайд этди.

Мусобақада +100 кг. вазн тоифасида иштирок этган вакилимиз Фазлиддин Рафиқов барча рақибларини мағлуб этган ҳолда олтин медални қўлга киритди. У мусобақа давомида Россия, Нидерландия, Япония ва Озарбайжон вакилларидан устун келди. Шунингдек, терма жамоамиз аъзолари орасида Арапбай Даурбаев (-60 кг), Сабина Азаматова (-52 кг) кумуш, Хушнуд Султонов (-60 кг) эса бронза медални қўлга киритди.
Шу тариқа дзюдочиларимиз нуфузли мусобақани 1 тадан олтин ва бронза ҳамда 2 та кумуш медаль билан якунлаб, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 4-ўринни эгаллади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА