Ёш боксчиларимиз Осиё чемпионатида қатнашмоқда
Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бокс бўйича U19 ва U23 ёш тоифасида бошланган Осиё чемпионатининг илк кунида Ўзбекистон терма жамоасининг 3 нафар вакили ғалаба байроғини баланд кўтарди.
Осиё чемпионатининг кеча U23 ёш тоифасида ўтказилган жангларида Ўзбекистон терма жамоасининг 4 нафар аъзоси дастлабки жангларини ўтказди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Амирбек Исмоилов -50 килограмм вазнда катталар ўртасида амалдаги қитъа чемпиони ҳиндистонлик Вишванатан Сурешга 0:5 ҳисобида имкониятни бой берган вазиятда Илҳомжон Эргашев -65 килограммда қатарлик Файсал Муҳаммаддан техник устунликка эришди.

Шунингдек, Фарёзбек Дўсматов -55 килограммда филиппинлик Элжай Памисани, Абдураҳмон Маҳмуджонов -60 кило оғирликда мўғулистонлик Дулгуунсаихан Хархуни мағлуб этди.

Бугун, 7 июль куни қитъа чемпионатида U19 ёш тоифасидаги 22 та жуфтлик жанглари бўлиб ўтади. Унда терма жамоамиз аъзоларидан Муҳаммадризо Укимов -60 килограммда япониялик Рио Матсумото билан, Иброҳим Шокиржонов -65 килограммда қозоғистонлик Акжурек Калабай билан тўқнаш келади.

Эслатиб ўтамиз, U19 ва U23 ёш тоифасида эркаклар ва боксчи қизлар ўртасида ўтказилаётган Осиё чемпионатида мамлакатимизнинг 28 нафар спортчиси иштирок этмоқда.
Мусобақалар 17 июлга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА