Маргарита Ҳусанова Швейцариядаги нуфузли турнирда финалга чиқди
Швейцариянинг Монтрё шаҳрида ўтказилган “Tennis Europe Junior Tour U14” халқаро турнирида иштирок этган ўзбекистонлик ёш теннисчи Маргарита Ҳусанова муваффақиятли иштирок этиб, финалга қадар етиб борди.
Хусусан, Маргарита Ҳусанова мусобақа давомида бир қатор кучли рақибаларини мағлуб этиб, финалга йўл олди. Ҳал қилувчи баҳсда у мезбонлар вакили Матильде Поццага қарши кортга чиқди. Муросасиз кечган финал учрашувида ҳамюртимиз биринчи сетни 3:6 ҳисобида бой берган бўлса-да, иккинчи сетда 6:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Бироқ тай-брейккача етиб борган ҳал қилувчи учинчи сетда 6:7 (2) ҳисобида имкониятни бой берди.
Шундай қилиб, Маргарита Ҳусанова 14 ёшгача бўлган теннисчилар ўртасидаги “Tennis Europe Junior Tour” турнирининг вице-чемпионига айланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА