Йўл маданияти — хавфсиз ҳаёт кафолати
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ, Маҳаллалар уюшмаси ҳамда Транспорт бошқармаси ҳамкорлигида “Йўл маданияти — хавфсиз ҳаёт кафолати” мавзусида очиқ мулоқот ва тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Унда пойтахтда йўл ҳаракати маданиятини юксалтириш, ҳайдовчи ва пиёдаларнинг ўзаро ҳурмати ва масъулиятини ошириш, нохуш йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва хавфсиз муҳит яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Муҳаммаджон Валиев ва бошқалар сўзга чиқиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчи ва пиёдаларда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш маданиятини ошириш зарурлигини таъкидлади. Мазкур соҳада қонунчилик асосларини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти хусусида маълумотлар берилди.
Тадбир давомида соҳа мутахассислари пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат транспорти ҳаракатини тартибга солиш ва йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича қатор амалий таклиф ва тавсиялар билдирди.
М.Комилова, ЎзА