Миллат фидойилари хотираси ёд этилди (+видео)
“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирасига бағишланган маънавий-маърифий конференция бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида “Миллат фидойилари” монументи пойига гулчамбар қўйилиб, Ватан сарҳадлари ва халқимиз осойишталиги йўлида жонини фидо қилган ўғлонлар хотираси бир дақиқалик сукут билан ёд этилди.
Тадбирда қаҳрамонларнинг ота-оналари ва яқинлари ҳам иштирок этди. Уларнинг қалбидаги соғинч ва кўзларидаги ёш Ватан учун жонини фидо қилган фарзандлар хотираси нақадар муқаддас эканини яна бир бор намоён этди.
Тадбир “Аждодлар изидан” ҳарбий-тарихий жамияти билан ҳамкорликда ўтказилди. Конференцияда мустақиллик йилларида ҳалок бўлган қаҳрамонларнинг ҳаёти ва жасорати ёдга олиниб, уларнинг хотирасини абадийлаштириш ҳамда ёш авлод қалбида Ватанга садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Конференциядан сўнг, Мудофаа вазирлиги томонидан Ватан тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида улар билан очиқ мулоқот ўтказилди, муаммоли масалаларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.
Муҳайё Турдалиева, Дониёр Якубов, Салимжон Обиджонов, ЎзА