Йўл интизомни хуш кўради
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Транспорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамкорлигида “Йўл маданияти — хавфсиз ҳаёт кафолати” умумреспублика тарғибот акцияси ўтказилмоқда.
Акция доирасида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида навбатдаги тарғибот тадбири ташкил этилди. Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Оққўрғон туман Кенгаши раиси Алишер Қурбонов ташаббуси билан ўтказилиб, унда партия фаоллари ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари иштирок этди.
Тарғибот тадбири давомида аҳоли гавжум ҳудудларда ҳайдовчилар ва пиёдалар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилди. Уларда йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш, белгиланган тезлик меъёрларига амал қилиш, пиёдалар ўтиш жойларидан тўғри фойдаланиш ҳамда йўл ҳаракати иштирокчилари ўртасида ўзаро ҳурмат тамойилини таъминлаш муҳимлиги тушунтирилди.

Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий билими ва масъулиятини ошириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, жамиятда юксак йўл ҳаракати маданиятини шакллантириш акциянинг асосий мақсадларидан бири экани таъкидланди. Мулоқотлар давомида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фақатгина масъул идоралар вазифаси эмас, балки ҳар бир ҳайдовчи ва пиёданинг ҳам шахсий масъулияти экани қайд этилди.
Акция доирасида Нурафшон шаҳри марказида ҳам тарғибот тадбири ташкил этилди. Унда “Адолат” СДП Нурафшон шаҳар Кенгаши раиси ҳамда Йўл-патруль хизмати ходимлари иштирок этиб, йўл ҳаракати иштирокчилари билан бевосита мулоқотлар ўтказди.

Суҳбатларда ҳайдовчиларга транспорт воситасини бошқариш вақтида диққатни йўлдан чалғитмаслик, белгиланган тезлик меъёрларига амал қилиш, пиёдалар ҳаракатига эътиборли бўлиш ва йўл белгилари талабларини бажариш зарурлиги тушунтирилди.
Пиёдаларга эса йўлни фақат белгиланган жойлардан кесиб ўтиш, ҳаракат вақтида транспорт воситаларига эътиборли бўлиш, шунингдек, шахсий хавфсизлик қоидаларига амал қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Тадбирларда йўл ҳаракатидаги ҳар қандай эътиборсизлик инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкинлиги алоҳида таъкидланди. Шу боис ҳар бир ҳайдовчи ва пиёда йўлдаги ўз ҳаракати учун масъулият ҳис этиши зарурлиги қайд этилди.
Мазкур тарғибот тадбирлари аҳоли ўртасида йўл ҳаракати қоидаларига оид ҳуқуқий билим ва масъулиятни ошириш, хавфсиз ҳаракатланиш кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА