Тошкентда янги автобус йўналиши ишга тушди
Пойтахтда жамоат транспорти қамровини кенгайтириш ва аҳоли учун янада қулай шароит яратиш мақсадида янги автобус йўналиши ташкил этилди.
Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси хабарига кўра, 2026 йил 18 августдан Тошкент шаҳрида 79-сонли “ТТЗ АШБ — Беруний метроси” автобус йўналишида мунтазам қатновлар бошланди.
Янги йўналиш ТТЗ АШБ бекатидан бошланиб, Юзработ, Феруза, М.Улуғбек, Шоҳимардон Мўминов ва Зиёлилар кўчалари, Кичик ҳалқа автомобиль йўли ҳамда Форобий кўчаси орқали “Беруний метроси” бекатигача ҳаракатланади.
Автобуслар ҳар куни соат 05:30 дан 23:00 гача йўловчиларга хизмат кўрсатади.
Йўналишга замонавий талабларга жавоб берадиган 8 та янги ўрта сиғимли “YUTONG” русумли автобус бириктирилган. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш “IDEAL AUTO SERVICE” МЧЖ томонидан амалга оширилади.
Янги йўналишнинг йўлга қўйилиши ушбу ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли учун транспорт хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради, йўловчиларнинг манзилга етиб бориш вақтини қисқартиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, шаҳар жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш, йўналишлар қамровини кенгайтириш ва аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА