Йигирма саккиз ёшли фалсафа доктори
Мамлакатимизда кейинги йилларда илм-фан билан шуғулланаётган хотин-қизлар, айниқса, ёш олималар сафи, улар эришаётган ютуқлар салмоғи ортиб бормоқда. Чунки барпо этилаётган Янги Ўзбекистонда ёш олималарнинг билим олиши, илмий салоҳиятини юксалтириши, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилмоқда.
Андижон давлат педагогика институти Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси мутахассислиги докторанти, ўзбек тили ва адабиёти кафедраси катта ўқитувчиси, доцент вазифасини бажарувчи Камола Одилжонова ана шундай имкониятлардан самарали фойдаланиб, юқори натижаларга эришаётган ёш олималардан.
У мактабни тамомлагач, Андижон давлат университетининг педагогика факультетида таҳсил олди. Ўқиш давомида пухта билим олиш билан бирга, илмий-тадқиқот ишларини олиб борди, ўз устида тинимсиз ишлади, изланди, янги-янги марралар сари интилди.
У талабалик йилларида ўзининг фаол ва ташаббускорлигини кўрсата олди. Ислом Каримов номидаги Давлат стипендияси соҳиби, ўзбек тили бўйича фан олимпиадаси республика босқичида 2-ўринга сазовор бўлди. Ўқувчиларнинг билимини ривожлантиришга ёрдам берувчи “Шарқнинг буюк алломалари” номли мобил иловага асос солди.
[gallery-30952]
2021 йилда университетни тамомлагач, Андижон давлат педагогика институти магистратурасига ўқишга кирди. Ўқиш билан бирга, институтда аввал матбуот котиби, кейин илмий тадқиқотлар, инновациялар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими 1-тоифали муҳандиси вазифаларида ишлади.
У жорий йилда “Ўқувчиларнинг лексик компетенцияларини ривожлантиришда вербал воситалардан фойдаланишнинг илмий-методик асосларини такомиллаштириш” мавзусидаги диссертация ишини муваффақиятли ҳимоя қилиб, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олди.
Камола Одилжонова “Ўқувчиларнинг лексик компетенциясини шакллантириш методикаси” номли қўлланмаси учун яратган дастури Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг Дастурий маҳсулотлар давлат реестрида рўйхатдан ўтказилди. Бундан ташқари, кейинги йилларда унинг “Сирожиддин Саййид шеъриятида мумтоз адабиёт анъаналари”, “Ўқувчиларнинг лексик компетенциясини шакллантириш методикаси” номли ўқув қўлланмалари, “Раҳбарнинг олтин қоидалари” қўлланмаси, “Ўқувчиларнинг лексик компетенцияларини ривожлантиришда вербал воситалардан фойдаланишнинг илмий-методик асосларини такомиллаштириш” деб номланган монографияси чоп этилди.
Ёш олима республика ва халқаро миқёсдаги кўплаб семинар ва илмий анжуманларда ўз маърузалари билан фаол иштирок этиб келмоқда. Айни кунда у “Талабаларда лисоний тафаккурни шакллантиришга психолингвистик ёндашув технологиялари” мавзусида педагогика фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.
Камола Одилжонова нафақат илм-фанда илғор, балки жамоат ишларида ҳам ҳамиша фаол қатнашиб келади. У айни кунда Бошқарув самарадорлиги агентлиги қошида ташкил этилган “Келажак лидерлари” клубининг гендер тенглик масалалари координатори, Республика маънавият ва маърифат марказининг “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзосидир. Қолаверса, кўплар ҳавас қилса арзийдиган ибратли оиланинг бахтли бекаси сифатида оилада ҳам ўз ўрнини топган.
Ёш олима фаоллиги, самарали илмий изланишлари учун турли йилларда кўплаб ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. Жорий йил Ёшлар куни арафасида Президентимиз фармонига асосан “Келажак бунёдкори” медали билан мукофотланди.
– Мен каби кўплаб ёшлар эришаётган ютуқларнинг замирида юртимизда биз ёшларга берилаётган кенг имкониятлар, Президентимизнинг ишончи ва доимий қўллаб-қувватлаши ётади. Келгусида ана шу эътибор ва ғамхўрликка, юртбошимиз ишончига муносиб бўлиш, Ватанимиз равнақи йўлида астойдил меҳнат қилиш учун бор билим ва салоҳиятимни ишга соламан, – дейди Камола Одилжонова.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари