Миллий либослар жилоси намойиш этилди
Сирдарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Миллий либослар фестивали” миллий қадриятларни асраб-авайлаш, уларни кенг тарғиб қилиш ва келгуси авлодга етказишга қаратилган муҳим маънавий-маърифий тадбирлардан бири бўлди.
Сирдарё вилояти Мусиқали драма театрида ташкил этилган фестивалда Боёвут, Гулистон, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Сайхунобод, Сирдарё ва Ховос туманлари, шунингдек, Гулистон, Янгиер ва Ширин шаҳарлари Оила ва хотин-қизлар бўлимлари жамоалари фаол иштирок этди. Улар ўз ҳудудларига хос миллий либослар, урф-одатлар, ҳунармандчилик намуналари ва пазандалик анъаналарини ўзига хос тарзда намойиш этдилар.
Фестиваль нафақат кўрик-танлов, балки миллий мероснинг турли қирраларини бир майдонда намоён этган маънавий-маърифий тадбир сифатида ўтди. Миллий либослар намойиши, миллий таомлар кўргазмаси, ҳунармандчилик буюмлари ва санъат намуналари ўзаро уйғунлашиб, тадбирга ўзига хос файз ва кўрк бағишлади.
Тадбирда “Оқила аёллар” гуруҳи раҳбари Мамлакат Бегманова миллий либосларнинг халқимиз ҳаётидаги ўрнига тўхталиб, уларда миллатнинг кўп асрлик тарихи, диди, маданияти ва эстетик қарашлари мужассам эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, миллий либосларни асраб-авайлаш, кенг тарғиб қилиш ва замонавий ёндашувлар билан бойитиш, айниқса, ёш авлодга миллий мероснинг мазмун-моҳиятини етказиш муҳим вазифалардан биридир.
[gallery-30949]
Фестиваль давомида атлас ва адрас матоларидан тайёрланган нафис либослар, миллий нақшлар билан безатилган кийимлар, дўппилар ва замонавий дизайнерлик ечимлари намойиш этилди. Анъанавий ва замонавий либосларнинг уйғунлиги миллий либос санъати бугун ҳам ўз жозибасини йўқотмаганини кўрсатди. Ҳар бир ҳудуд вакиллари либослар орқали ўзларига хос миллий қиёфа ва анъаналарни ифода этдилар.
Миллий таомлар кўрик-танлови ҳам фестивалнинг мазмунан бой ва қизиқарли қисмларидан бири бўлди. Моҳир пазанда аёллар томонидан тайёрланган таомларда халқимизнинг асрлар давомида шаклланган пазандалик анъаналари, меҳмондўстлиги, саховатпешалиги ва оилавий қадриятлари намоён бўлди. Таомларни тайёрлаш, дастурхонга тортиш ва безатиш жараёнига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирнинг мусиқий қисми ҳам иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади. Ширин шаҳридан ташриф буюрган “Афсона” кичкинтойлар гуруҳининг самимий чиқишлари, шўх рақслари ва беғубор ижроси томошабинларда илиқ таассурот қолдирди. Таниқли санъаткорларнинг жўшқин куй-қўшиқлари эса фестиваль муҳитини янада жонлантирди.
Саҳна безагида ҳам миллий руҳга алоҳида эътибор қаратилди. Миллий нақшлар, атлас ва адрас матолари, гуллар, ҳунармандчилик буюмлари ҳамда декоратив элементлар уйғунлиги тадбирга байрамона тус берди. Катта экранда Сирдарё вилоятининг тарихи, маданий мероси, миллий ҳунармандчилик намуналари ва миллий либослар акс этган видеолавҳалар намойиш қилинди.
Фестиваль давомида миллий қадриятларни замонавий ҳаёт билан уйғунлаштириш, уларни ёш авлодга замонавий ёндашувлар асосида етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, миллий либос, миллий таом, мусиқа, ҳунармандчилик ва урф-одатлар халқнинг ўтмиши ҳақида маълумот берувчи оддий воситалар эмас, балки унинг миллий ўзлиги ва маънавий дунёқарашини асраб-авайлашга хизмат қиладиган муҳим қадриятлардир.
Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбирда хотин-қизларнинг ижодий салоҳияти, ташаббускорлиги ва миллий меросга бўлган муносабати ҳам яққол намоён бўлди. Ҳар бир ҳудуд ўз имконият ва анъаналаридан келиб чиққан ҳолда иштирок этиб, вилоятнинг ранг-баранг маданий қиёфасини намоён этди.
Тадбир якунида фестиваль ва кўрик-танловларда фаол иштирок этганларнинг меҳнати муносиб эътироф этилди. Ғолиб ва фаол иштирокчилар диплом, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фестиваль натижаларига кўра, миллий таомлар йўналишида 1-ўринни Янгиер шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими жамоаси эгаллади. Миллий либослар йўналишида эса Сирдарё вилояти номидан иштирок этган Дилшода Маматқулова 1-ўринни, Сардоба тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими вакили Мақсуда Мўминова 2-ўринни қўлга киритди.
Мазкур фестиваль миллий қадриятлар ўтмишдан қолган оддий мерос эмас, балки бугунги ҳаётимизда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб келаётган, ёш авлод маънавиятини бойитишга хизмат қиладиган тирик ва барҳаёт қадрият эканини яна бир бор намоён этди. Миллий либосдаги нафосат, дастурхондаги барака, миллий санъатдаги жозиба ва хотин-қизларнинг ташаббускорлиги бир саҳнада уйғунлашиб, халқимизнинг бой маънавий мероси нақадар ранг-баранг ва серқирра эканини кўрсатди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА